Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Дилмурод, Элмурод ва Холмурод Исломовлар доиранинг шу сеҳрли садосига умрини бағишлаган санъаткорлар сифатида эл ҳурмати ва меҳрига сазовор бўлишган. Бугунги суҳбатдошимиз – «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ар­тист, Ўзбекистон давлат филармония­сининг «Бек» миллий доирачилар гуруҳи раҳбари Элмурод Исломов.

– Элмурод ака, келинг, суҳбатни болалик хотираларингиздан бошласак... 

– Болаликдаги ҳовлимиз пойтахтимизнинг «Ишчилар шаҳарчаси»да жойлашган эди. Отамдан эрта етим қолганман. Уларнинг вафотидан кейин оиланинг масъулияти муштипар онажоним елкаларига тушади. Ёлғиз бошлари билан беш қиз ва уч ўғилни оддий фаррошнинг маоши билан катта қилиш осон бўлмаган. Онамнинг қийналаётганларини кўриб акаларим, опаларим ҳаммамиз бирга тозалаш ишларига ёрдамлашгани борган пайтларимиз кўп бўлган.

Болалигимизда очликниям, йўқчиликниям кўрдик. Опаларимнинг айтишича, томга чиқиб: «Нон ейман, но-он», – деб бақирарканман. Улар эса қўшнилар эшитмасин, деб хижолат бўлишаркан.

Шайхонтоҳур туманидаги 20-мактабда ўқиганман. У даврларда кам таъминланган оилалар фарзандларига мактабдан кийим-кечак бериларди. Ўша рўйхатда мен ҳам бор эдим. Олишга истиҳола қилардим, лекин иложсиз эдим...

– Санъатга бўлган меҳрингиз қандай уйғонган?

– Маҳалламизда доирачилар, таниқли санъаткорлар кўп эди. Биринчи бўлиб раҳматли Дилмурод акамда доира ча­лишга қизиқиш ва меҳр уйғонди. Бироқ доира сотиб олишга на пул, на шароит бор эди. Акам эса ҳар куни онамдан доира олиб беришни сўраб ялинарди.

Уйимиз икки хонадан иборат эди. Ҳовлининг бир бурчагида эса яна бир хоналик кичкина уй бўлиб, онам уни ижарага берган эдилар. Ижарачи ойига 15 сўм тўларди. Бир куни Дилмурод акамнинг йиғи-сиғисига тоқат қилолмаган онам 11 сўмга доира олиб бердилар, қолган 4 сўмни эса бир ойлик рўзғор учун сақлаб қўйдилар.

Доира олинган кун уйимизда ҳақиқий байрам бўлди. Дилмурод акам уни ниҳоятда авайларди. Унинг йўғида Холмурод акам билан иккимиз доира чалардик. Шу тариқа уч ака-ука доира шинавандасига айланиб қолдик. 

– Устозларингизни ҳам эсласак...

– Етти ёшимдаёқ Тўйчи Иноғомовга шогирд бўлдим. Кейинчалик Ғофур Азимов, Анвар Аҳроров каби кўплаб устозлардан сабоқ олдим. Улар­нинг таълими ва тарбияси туфайли бугунги даражага етишдим. Тақдир тақозоси билан Тўйчи Ино­ғомов пенсияга чиққан пайтларда мен доира тўгараги раҳбари бўлдим.

Илк сабоқларни раҳматли акам Дилмурод Исломов берган. Тўгаракка олиб борган ҳам шу акам бўлган. У кишидан бир умр миннатдорман. Дилмурод акам «Ўзбекистон доирачилари» жамоат бирлашмаси раиси, «Зарб» кўрик-танлови ва Доирачилар фестивали асосчиси бўлган. Шунингдек, бир қатор илмий-услубий қўлланмалар ва мақолалар муаллифи сифатида ҳам танилган.

– Доира чалишнинг ҳам ўз сир-асрорлари, машаққати бўлса керак?

– Албатта, доирани шунчаки чертиб бўлмайди, уни ҳис қилиш керак. Ҳар бир зарб юракдан чиқиши, куч ва завқ билан уйғунлашиши лозим. Афсуски, бугун доиранинг асл таъсирини ҳис этмайдиган оддий шинавандалар ҳам учраб туради. Ёшлигимда соатлаб машқ қилардим. Узоқ доира чалганимдан, бармоқларим ёриларди, қадоқ бўлиб кетарди. Лекин санъатга меҳр кучли бўлса, инсон бу оғриқларни ҳам ҳис қилмай қўяди. Бармоқлар қизигач, оғриқ унутиларди. Агар бироз танаффус қилиб, яна чалишга тўғри келса, ўша оғриқ қайта бошланарди. Томошабин буни сезмайди, санъаткор эса ана шу қийинчиликларда пишади, иродаси тобланади.

– Доим қўлингиздан тушмайдиган, сиз билан йиллар давомида саҳнадош бўлиб келаётган машҳур доира ҳақида ҳам кўп эшитамиз.

– Бу доира мен учун оддий чолғу асбоби эмас, у гўё бутун умрим, хотираларим ва устозларим руҳини ўзида сақлаб келаётган қадрли ёдгорликдек. Унинг тарихи юз йилдан ҳам ошади. Бу доирани менга устозим Дадахўжа Соттихўжаев совға қилган. У киши умр бўйи мақом ансамблида фаолият юритган. Айтишларича, жуда кўп инсонлар устозимдан шу доирани сўрашган, аммо у киши фақат менга совға қилишни маъқул кўрган. Қизиғи шундаки, доирани қабул қилиб олганимдан кейин, кўп ўтмай 27 ёшимда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирланганман.

Мен бу доирани кўп синаб кўрганман. Ўнлаб доиралар орасида ҳам унинг садосини дарҳол таниш мумкин. Унинг навосида қандайдир сир, сеҳр бор.

– Санъат йўлидаги омадли бурилишларингиздан бири «Баҳор» ан­самбли билан боғлиқ бўлган экан. Ўша давр хотиралари ҳақида сўзлаб берсангиз?

– 1976-йили, ҳали 16 ёшимдаёқ Ўзбекистон давлат филармониясига ишга кирганман. Орадан ҳеч қан­ча вақт ўтмай, 1977-йилда мени «Баҳор» ансамблига чақиришди. Мукаррама опанинг ўзлари мени ишга олганлар. Шундан кейин хорижий давлатларга ижодий сафарларга чиқа бошладик. Ўша пайтлар биз учун ҳар бир сафар катта мактаб, катта ҳаёт сабо­ғи эди. Чет эл саҳналари­да ўзбек санъатини намойиш қилиш, халқимизнинг маданияти ва миллий оҳангларини дунёга танитиш биз учун юксак масъулият бўлган.

18 ёшимда уч ака-ука Исломовлар Бутунжаҳон ёшлар фестивали лауреати бўлганмиз. Бу нафақат биз­нинг оиламиз, балки ўзбек санъати учун ҳам катта ютуқ эди. Ўша пайтларда миллий доира садоларининг халқаро саҳнада янграши, хорижлик томошабинларнинг ҳайрати ва ол­қиши бизга чексиз куч ва илҳом берган. Шунда бир нарсани чуқур англаганман – санъатнинг тили, миллати бўлмаскан. Самимий ижро ва юракдан чиққан оҳангни дунёнинг исталган нуқтасида тушунишар экан.

– Сизни кўпчилик қаттиққўл устоз сифатида таърифлашади…

– Инкор қилмайман, лекин қаттиққўллик фақат репетиция ва дарс жараёнида бўлади. Ишдан ташқари эса шогирд­ларим билан ака-укадек, самимий муносабатдамиз. Чунки санъат тартиб-интизомни талаб қилади. Уч мингдан ортиқ шогирдлар тарбия­ладим, улар орасида қўшни мамлакатдан ҳам келиб ўрганганлари бор.

– Бугунги кунда миллий мусиқа ва маданиятимизга ғарбона мусиқа таъсири кучайиб бораётгани ҳақида турли фикрлар айтилмоқда. Сиз бу жараёнга қандай қарайсиз?

– Миллий мусиқа, ўзбекона йўлдан чекиниш мумкин эмас, чунки ҳар қандай санъат аввало, ўз илдизига таянади. Илдиздан узил­ган санъат барибир кучсиз бўлиб қолади. Баъзилар ғарбона мусиқа асбобларидан ҳам кўп фойдаланишади. Уч ака-ука Исломовлар турли чолғуларда озарбайжонча, ҳиндча, туркча ва бошқа услубларда ижро этганмиз. Бу кўпроқ дўстлик дастурлари, ижодий чиқишлар доирасида бўлган. Лекин консертни барибир доира садоси билан бошлаб, шу билан якунлардик.

– Ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига қандай муносабатдасиз? 

– Мен бу соҳа вакилларини ҳурмат қиламан. Чунки уларни жамият тартиб- осойишталиги учун хиз­мат қиладиган масъул инсонлар. Ҳар қан­дай ҳайдовчи ҳужжатлари тўлиқ, хавфсизлик камари тақилган бўлса ҳам, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими тўхтатганда, табиийки, бироз ҳаяжон пайдо бўлади. Бу мазкур касбнинг салобати ва масъулиятидан, деб ўйлайман. Ҳар бир ходим ўз бурчига садоқат билан ёндашишини, халқимизнинг ҳурматига сазовор бўлишини тилайман.

– Бу йил истиқлолимизнинг 35-йиллиги нишонланади. Байрам арафаси кўнглингиздан қандай ҳиссиётлар кечяпти?

– 1984-йиллари Африка давлатларида гастрол сафарида юрган пайтларим ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бир куни меҳмонхонадан кўчага чиққан­ман. Кутилмаганда атрофни ўқ овоз­лари тутди, ҳаммаёқ саросима. Бир дўкончи мени дарҳол ичкарига тортиб, пештахта остига яширди. Қалбимни қўрқув чулғаган. Ўша дақиқаларда инсон учун тинчликдан улуғ неъмат йўқлигини англаганман, Ватан деган тушунчанинг нақадар муқаддас эканини ҳис қилганман. Тинч юртнинг, осойишта кунларнинг қадрига етиш керак. Илоҳим, ватанимиз тинч, осмонимиз доим мусаффо бўлсин!

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.


Адолат Файзиева суҳбатлашди.

Абу Кенжаев олган сурат.