— Инглиз тилини мен шунчаки фан сифатида эмас, балки имкониятлар калити сифатида қабул қиламан,— дейди у. — Бугун дунёда илм-фан, технология ва халқаро ҳамкорликнинг асосий калити айнан инглиз тили. Шу боис ёшларга мазкур имкониятни очиб бериш менинг асосий вазифам деб ҳисоблайман.

ИИВ тизимидаги академик лицейда ишлаш оддий мактабда дарс беришдан бирмунча фарқ қилади. Ушбу даргоҳда таҳсил олаётган ўқувчиларнинг аксарияти келажакда ҳуқуқ-тартибот соҳасида фаолият юритишади. Шу боис уларнинг билимини, айниқса чет тили бўйича ўз имкониятларини кенгайтириш жуда муҳим. Зарина Нуралиева ана шу талабни чуқур англаб, дарсларни халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этади.

— Лицейга келганимданоқ ўқувчиларни хорижий тил сертификатига тайёрлашни йўлга қўйдим, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Кузатувлар шуни кўрсатдики, кўпчиликда билим бор, лекин аниқ мақсад йўқ. CЕФР стандартлари асосида тайёргарлик ўқувчиларни тизимли ишлашга, мустақилликка ва энг муҳими, ўзларига ишонган ҳолда ҳаракат қилишга ўргатади. Натижа кўп куттирмади: қисқа вақт ичида 11 нафар ўқувчи В2 даражадаги сертификатга эга бўлди. 

Лицейда махсус лингафон хонаси мавжуд бўлиб, Зарина Нуралиева ўқувчилар билан ишлашда ундан кенг фойдаланади. Чунки бунда тилга оид техникаларни амалиётда қўллаш имконияти мавжуд. Зарина машҳур шахсларнинг нутқларини ўқувчиларга эшиттириб, уларга тақлид қилиш орқали инглиз тилида эркин гапириш ва нутқ техникасини шакллантиришга ҳаракат қилади. Бу услуб нафақат лексика ва грамматикани ўргатади, балки ўқувчиларда нутқга ишонч туйғуси ва талаффуз маданиятини ҳам ривожлантиради.

Ўқитувчининг шахсий тажрибаси ҳам муҳим саналади. Зарина Нуралиева ИЭЛЦ 7,5 даражага эга. Ўқувчилар учун эса унинг натижаси намуна вазифасини ўтайди — улар ўқитувчидан ўрнак олгани ҳолда ўзлари ҳам ҳаракат қилади. Қолаверса, унинг 10 га яқин илмий мақоласи, 4 та ўқув қўлланмаси ҳам нашр этилган. Лавҳамиз қаҳрамони келгусида кўпроқ ўқувчиларни ИЭЛЦ ва CЕФР каби халқаро сертификатлар бўйича тайёрлашни режалаштирган. Шу билан бирга, ўз устида ишлашни тўхтатмасдан, малакасини доимий оширишни мақсад қилган.

Таълимда энг муҳим омил — бу ишонч. Ўқувчи ўзига ишонса, ўқитувчида ҳам бунга рағбат бўлса, натижа албатта бўлади. Зарина Нуралиева ана шу қоида асосида иш тутади. Унинг мисолида кўриниб турибдики, аниқ мақсад, тизимли меҳнат ва замонавий усуллар ўз натижасини беради. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.