Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Алиса Ҳакимова эса давлат корхоналаридан бирида ижтимоий ёрдам бўйича масъул ходим вазифасида ишларди. У мансаб ваколатидан фойдаланиб, ижтимоий ёрдам мақсадига мўлжалланган пулларни ўз манфаати йўлида сарфлаб юборди. Ушбу қилмиши ошкор бўлгач, қонуний чора кўрилиб, у ҳам пробация назоратига олинди.
Кармана тумани ИИБ Пробация гуруҳи назоратида
442 нафар маҳкум туради. Капитан Феруз Шамсиддинов уларнинг суд томонидан белгиланган чекловларга риоя этишини назорат қилади.
Пробация гуруҳи инспектори, капитан Феруз Шамсиддиновнинг тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ўтган йил давомида пробация назоратидаги шахслардан
157 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, Алиса Ҳакимова тўқимачилик корхоналарининг бирига техник бўлиб ишга жойлашди.
– Вазифамиз назоратдаги шахсларнинг нафақат белгиланган тартиб-қоидаларга, тақиқларга риоя этишини таъминлаш, балки ҳаётда ҳалол яшашига, касб-ҳунар эгаллашига, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш. Зеро, юртимизда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун, – дейди капитан Феруз Шамсиддинов.
Яқинда Жиноят ишлари бўйича туман судининг сайёр йиғилишида 29 нафар маҳкумнинг иши қайта кўриб чиқилди. Улардан тўғри хулоса чиқарган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, маҳалласи ва иш жойида ижобий тавсифланган 28 нафари муддатидан илгари жазодан озод этилди. Белгиланган тартибга риоя этмай, жазони ўташдан бўйин товлаган бир нафар маҳкумнинг жазоси эса оғирроғига алмаштирилди.
Пробация гуруҳи ходимлари назоратдаги маҳкумлар билан мунтазам профилактик тарғиботлар ташкил этиб боради. Ушбу тадбирлар чоғида уларга илгари йўл қўйган хатоларини тузатишлари учун имкон борлиги таъкидланади.
Маҳлиё ХОЛОВА,
ўз мухбиримиз.
Навоий вилояти.
