… Нисора (исмлар ўзгартирилди) ҳозир 17 ёшда. Оилада тўнғич фарзанд. Бундан 7 йил аввал отасининг ишлари юришмагани учун болаларни амакисига ташлаб, онаси билан бирга хорижга ишлагани кетди. Амакиси ва янгаси, табиийки, ота-онанинг ўрнини босолмади. Тўғри, хориждан жўнатилган пуллар болаларнинг моддий эҳтиёжига бемалол етарди. 

Ўша пуллар эвазига бу оиланинг фаровон яшаши учун ҳамма нарса қилинди. Нисора билан суҳбатимиз давомида бирор марта ҳам иқтисодий жиҳатдан зориққани ҳақида гапирмади. Фақат ота-­онасини соғинганини, онасидан бошқа ҳеч кимга айтолмайдиган сирлари борлигини, тенгдошлари каби ўқишни, севимли машғулоти билан шуғулланишни исташини айтди. 

Бир қарашда унинг болалиги укаларининг кирини ювиб, овқатини пишириб, тарбияси билан шуғулланиб ўтганини пайқаш қийин эмасди. Нисора 10 ёшидан рўзғор юмушларини нозик елкасига олди. Болалигини укалари учун қурбон қилди. Мактабда аълочилардан эмасди. Тўғри-да, бунча ташвиш билан қандай яхши ўқисин, шўрлик. Онаси телефонда охирги суҳбатида яна озроқ пул тўплаб, сўнг уйга қайтишини айтди.

 Йиллар ўтади. Пул топилади, янги уй қурилади, машина, телевизор қимматбаҳо телефон сотиб олинади. Аммо Нисоранинг билим олишга талпинган ўша болалик йилларини, ота-онаси бағрида ҳис этиши керак бўлган хотиржамлигини қандай қайтариб бўлади? Қиз руҳан эзилган, жисмонан зўриққан. 

Қизнинг бу каби тушкун ҳолатини телефон орқали гаплашганида онаси сезгандир. Ёки пайқамадимикан? Она қалби билан наҳот қизининг ички кечинмаларини ҳис этмаса?! Наҳотки, унинг учун моддият болаларнинг шодлигидан, бахтидан муҳимроқ бўлса?.. Қизнинг кўзидаги соғинчга, қалбидаги жароҳатга ким даво топади?.. 

Нисора мен тақдири, қалб изтироблари ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган болалардан бири, холос. Яна қанчадан-қанча болалар ҳаётининг беғубор фаслини шу ҳолатда ўтказишяпти. Балки, уларга озгина эътибор, меҳр берилса. ўзларини бахтли ҳис этишар, келажакда буюк инсонлар бўлиб етишар. Вақтида кўрсатилган ғамхўрлик вояга етмаганлар орасида жиноятчилар сонини камайтиради.

Оиласидан хабар олгани келган хорижда ишлаётган баъзи таниш­ларим: «Бола-чақани деб мусофирчиликда юрибмиз-да», – дейишади. Тўғри, иқтисодий томондан яхши таъминланган оилада болаларнинг чуқур билим олиши, ўз салоҳиятини юзага чиқариши учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратилади. Аммо тўкис меҳр кўрмаган болалардан келажакда катта натижалар кутиб бўлмаслиги ҳам ҳақиқат. Етар-этмас яшаб, ота-онасининг машаққатли меҳнатини кўриб, уларнинг бир оғиз сўзидан куч ва далда олиб, «катта одам» бўлган болалар камми?! 

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, четда ишлаётган ота-оналарнинг фарзандлари орасида депрессия, ўзини ёлғиз ҳис қилиш, ҳаётга мотивасия йўқолиши каби ҳолатлар тез-тез учрар экан. Баъзи болаларда ўқишга қизиқиш пасайиши кузатилади, уларнинг феъл-атворида тажовузкорлик, жиноий хатти-ҳаракатга мойиллик ривожланади. Ушбу тоифадаги болаларнинг 44 фоизи меҳр ва эътибор етишмаслигидан ранжишини билдирган.

 «Хорижда ишламасанг, яхшигина даромад топа олмайсан» деган ақидани онгу шууримизга сингдиришимиз мутлақо нотўғри. Чунки ўз касбининг усталарига, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаганларга юртимизда ҳам яхшигина ҳақ тўланади. Қолаверса, пул топишни миллий, оилавий қадриятларимиздан устун қўйиш маънавий оқсоқликни келтириб чиқаради. 

Келажагимиз бунёдкори, эртанги умидимиз, қариганимизда белимизга қувват бўладиган, юзимизни ёруғ қиладиган, шаънимизни ҳимоя қиладиган болаларимизга кўпроқ меҳр кўрсатайлик. Зеро, меҳр-оқибатдан, муҳаббат ва ишончдан бунёд бўлган оилада доим бахт, шодлик ҳукм суради. 

Маҳлиё ХОЛОВА.

Навоий вилояти.