Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020-йил 7-январдаги қарори асосида Тошкент, Бухоро, Андижон ҳамда Навоий вилоятларида янги қўшилма ва ҳарбий қисмлар ташкил этилди, уларнинг моддий-техник базаси ва инфратузилмаси тубдан қайта кўриб чиқилиб, замонавий жиҳозланиши йўлида улкан ишлар қилинди. Қўшинларнинг жанговар ва сафарбарлик шайлигини ташкил этишда асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш, жанговар шайлик режаларини қайта ишлаб чиқиш­га қаратилди. Барча ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларда жанговар тактик ўқувлар дунёда юз бераётган реал воқеликка асосланган ҳолда ташкил этиляпти. 

Шунингдек, қўшинларга қарашли ҳарбий қисмларда илк бор махсус вазифаларни бажаришга мўлжалланган бўлинмалар ташкил этилди. 2022-йилда мазкур взводлар таркиби янгидан тузилиб, махсус тайёргарлик ва моддий таъминот бўйича командир ўринбосари, йўриқчи портлатувчи, мерган, радиоалоқачи, катта техник ҳайдовчи, ўқчи-фелдшер ва енгил зирхланган техника ҳайдовчиси каби лавозимлар жорий этилди. Мазкур йилдан эътиборан, «Довюрак жангчи» фарқловчи нишонини олиш учун интенсив синовлар ўтказилиб келинмоқда. Унинг натижаларига кўра, ҳозиргача 29 нафар ҳарбий хизматчи ана шундай нишон билан тақдирланди.

Шахсий таркиб тайёргарлигининг интенсивлиги ва сифатини кучайтириш, шунингдек, жанговар ва тезкор тайёргарлик бўйича турли машқлар ўтказиш, ҳарбий қисмларнинг жанговар шайлигини ва бошқарувини такомиллаштириш, ҳарбий хизмат­чиларнинг амалий кўникма ва маҳоратини ошириш мақсадида ўтган йили 3 маротаба қўмондонлик-штаб машқи, 280 дан зиёд штаб, тактик-махсус ва тактик-саф машқлари ҳамда 3 маротаба жанговар шайлик текширувлари ўтказилди. Бунинг натижасида, Қўшинларнинг жанговар тайёргарлик даражаси янада оширилишига эришилди. Шунингдек, мамлакатимиз Қуролли Кучлари Академиясида «Қоровул қўшинлари қўмондонининг махсус синфи» очилди. 

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва бурчга садоқат руҳида тарбия­лашда полковниклар Равшанбек Розумов ва Жасур Сагдуллаев, подполковник Азиз Юсупов, маёрлар Раҳмат Қулиев ва Муҳаммадали Облақулов ҳамда капитан Бекзод Муҳиддинов, соҳа фахрийлари истеъфодаги подполковниклар Неъмат Дўстов ва Асқар Давлатовларнинг хизмати бе­қиёс бўлмоқда. 

Кун сайин шиддат билан ўзгариб бораётган жаҳон геосиёсатидан келиб чиққан ҳолда келгусида ҳам Қўшиндаги ислоҳотлар доирасида амалий ишлар давом этаверади.

Қўшинларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги тўрт йил давомида 1600 нафарга яқин ҳарбий хизмат­чилар имтиёзли равишда узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида ўз уй-жойларига эга бўлишди. 

Хизмат вазифасини фидойилик билан адо этиб келаётган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига республикамиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун имтиёзли тавсияномалар бериляпти. Соғлиғини тиклаш ва республикамизнинг сўлим гўшаларида жойлашган санаторий ва курортларда дам олиб келиш истагида бўлган ҳарбийлар учун ҳам имкониятлар яратиляпти. 

Барча ҳарбий қисм ва ҳарбий-маъмурий сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда юртимиз мактабларида таҳсил олаётган ўқув­чи-ёшлар учун доимий равишда «Очиқ эшик­лар куни» ўтказиляпти. Қўшинларга бириктирилган минг нафар ёшларларнинг муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш борасидаги манзилли саъй-ҳаракатлар ҳам кутилган натижаларни бермоқда. Келгусида уларнинг кўпчилиги ҳаётини шу соҳа билан боғлашга аҳд қилишяпти. Қўшинлар сафида хизмат қилаётган юртимиз посбонларининг 60 нафари республика, 18 нафари эса, халқаро мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритишди. Юртимизда ўтказилаётган спорт мусобақалари ва чемпионатларида ҳам кўплаб ютуқларга эришиб, ўзларининг нималарга қодир эканликларини бар­чага намойиш этишди. Шу боисдан ҳам қўшинлардаги спортчиларнинг 15 нафари «Спорт устаси», 20 нафари эса «Спорт усталигига номзод» ва «Халқаро тоифадаги спорт устаси» унвонларига эришишди. 

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳарбий хизматчиларни ва фахрийларни яқинлашиб келаётган 4-март – Қоровул қўшинлари ташкил топганлигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этаман! Уларнинг фидокорона хизматлари эвазига 

ИИВ ҳарбий тузилмалари изчил ривожланиб, жанговар қобилиятимиз ва мудофаа салоҳиятимиз мустаҳкамланиб, бунинг натижасида халқимизнинг фаровон ҳаёти таъминланмоқда. Барчага мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-сао­дат, тинчлик-хотиржамлик тилайман.