Жонажон юртимиз тинчлик-осойишталиги йўлида куну тун тиним билмай хизмат қилиб келаётган катта сержант Жўрақулов Фарҳод Ёрқулович ҳам мақтаса арзигулик ҳарбийларимиздан бири саналади. У 1978-йилнинг 31-июл куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманида таваллуд топган. 1995-йилда мазкур тумандаги 58-сонли ўрта мактабни муваффақиятли тамомлайди.
Илк хизмат фаолиятини 1998-йили ўша пайтдаги ИИВ Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти махсус алоқа гуруҳи катта мутахассиси лавозимида бошлаган ёш ҳарбий хизматчи ҳозирда ИИВ Ҳарбий тузилмаларининг фаолиятини таъминлаш базаси монтаж-созлаш сехи катта техниги лавозимида самарали фаолият юритмоқда.
Шунингдек у ўзининг тиришқоқлиги ва ҳаракатчанлиги билан берилган топшириқларни ҳам фидойилик билан вақтида адо этиб, бошқа сафдошларига намуна бўлиб келаётир.
Бундан ташқари, шахсий таркибнинг маънавий салоҳиятини оширишда, ёш ҳарбий хизматчиларни она Ватанга садоқат ва меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамда ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда ҳам ўзининг жонкуярлиги билан база раҳбариятига яқиндан ёрдам бериб келяпти.
Шу сабабли, фаолияти давомида кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келаётган катта сержант Фарҳод Жўрақуловнинг она юртимиз осойишталиги йўлидаги машаққатли хизматлари раҳбарият томонидан ҳам муносиб қадрланиб, бир неча маротаба рағбатлантирилган.
Михли САФАРОВ,
“Постда” мухбири.
