Қаҳрамонимиз Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилиб ўсган. Фарғона давлат университетида таҳсил олган.

Ички ишлар органларидаги хизматини 2015 йилда бошлаган Ф.Саломов 2017 йилдан буён Сўх туманида фаолият кўрсатмоқда.

У айни пайтда тумандаги “Янгиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида хизмат олиб бориш билан бир қаторда профилактика катта инспектори вазифасини ҳам ўтайди.

Катта лейтенант Феруз Саломов жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилганларини иссиқ изида фош этишда анча фаол. 

Масалан, яқинда у жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда ўз уйида оғу сақлаб келаётган фуқарони фош этди. Туманнинг Офтобрў маҳалласида яшовчи К.И. исмли шахснинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида ўткир ҳидли, яшил тусли модда борлиги аниқланди.

Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра фуқаронинг уйидан топилган модда марихуана эканлиги ўз тасдиғини топди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.