Жамшидбек Абдусаломов 2020-йилда ИИВ Академиясини тамомлаб, Фарғона вилоятининг Данғара тумани ички ишлар бўлимида хизматни бошлаган.

Айни кунларда шу туманнинг “Яшик” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи ҳуқуқ-тартибот масканида профилактика инспектори лавозимида хизмат қилмоқда.

Ж. Абдусаломов ёш бўлишига қарамай хизматда ўзини ҳар томонлама кўрсатмоқда. Жиноятларнинг олдини олиш, содир этилганларини “иссиқ изида” фош этишда ҳам фаол иштирок этяпти.

Яқинда “Яшик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаролардан бирининг уйида ўғрилик жинояти содир бўлди. Номаълум шахс хонадонга яширин равишда кириб, умумий нархи 8 миллион 700 минг сўмлик бир неча турдаги тилла тақинчоқлар ва 200 минг сўм пулни ўғирлаб кетди.

Ушбу жиноятни фош этиб, ўғрини топишда лейтенант Жамшидбек Абдусаломовнинг синчковлиги қўл келди. Маҳалла ҳудудидаги кузатув камералари хотирасини текшириб, шубҳали ҳаракатланган фуқарони аниқлади ва тезкор суриштирув ишларини олиб борди. Натижада унинг саъй-ҳаракати билан жиноят тезда фош этилди.

Шунингдек, яқинда у муқаддам бир неча бор фирибгарлик жиноятини содир этиб, тергов ва суд органларидан қочиб юрган Х.У.ни қўлга олишда ҳам ҳамкасбларига ёрдам берди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.