1995-йили Наманган вилояти Мингбулоқ туманида туғилган. 2019-йилда Наманган давлат университетининг психология йўналишини тамомлаган. Сўнг бир муддат Наманган вилояти асаб рухий касалликлар шифохонасида психолог лавозимида, кейин 20-сонли мактабда амалиётчи-психолог бўлиб ишлади. Аммо унинг кўнглида ички ишлар органи ходими бўлиш, форма кийиш орзуси бор эди. У ўзини синаб кўришдан чўчимади ва ниятлари амалга ошди. 

Қаҳрамонимиз айни пайтда Мингбулоқ туманидаги Чордона маҳалласида профилактика инспектори вазифасида хизмат қилмоқда. У ўз ишини яхши биладиган масъулиятли ходим сифатида сафдошларининг ҳурматини қозонган. Маҳалла фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳудуд равнақига хизмат қилмоқда. Олиб борилаётган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида хуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда юқори натижалар қўлга киритиляпти. 

Лейтенант Отабек Убайдуллаев жорий йил бошидан ҳозиргача 70 га яқин маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаб, баённомалар расмийлаштирди. 60 га яқин фуқаронинг мурожаатини ўрганиб, уларнинг ижобий ҳал қилинишига ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, ўқув муассасаларида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини ҳам мунтазам ўтказиб келаётир. 

Қаҳрамонимиз Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ташкил этилган “Ёш лидерлар” жамоаси аъзоси ҳамдир. Жорий йилда ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритган. Республика босқичида 16 та жамолар ўртасида 2-ўринни эгаллаб, тақдирланган. Шунингдек, осойишталик посбонлари ўртасида ўтказилган сузиш спорт мусобақасида ҳам фаол иштирок этиб, Республика босқичида 3-ўринни эгаллаган.  

Қаҳрамонимизнинг хизматлари бошқарма бошлиғи томонидан ҳам муносиб баҳоланиб, бир неча маротаба рағбатлантирилган. 

Феруза ОТАХОНОВА,

«Постда» мухбири.

Наманган вилояти.