Боёвут тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, маёр Аброр Сувонқулов 1985-йилда Боёвут туманида туғилган. Болалиги далада ўтгани боис унча-мунча ишни писанд қилмайдиган, зуваласи пишиқ йигитлардан.
Ўрта мактабни тугатгач, Тошкент давлат Аграр университетида таҳсил олди. 2009-йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилмоқда. Фаолияти давомида Янгиэр шаҳар ИИБ канселярия мудири, профилактика инспектори, Ширин шаҳар ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори вазифаларида хизмат қилган. 2021-йилда Боёвут тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, жамоат хавфсизлиги бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган. Оммавий тадбирларнинг осойишта ўтиши, аҳоли хавфсизлигини таъминлашда алоҳида намуна кўрсатган. Туманда ўтказиладиган барча спорт тадбирлари, байрам ва анжуманларда тартиб-интизомни таъминлашга бош-қош бўлиб келмоқда.
Боёвут – улоқчи чавондозлар маскани. Шу боис туманда ҳар йили камида икки-уч бор кўпкари мусобақалари ўтказиб турилади. Носир Маҳмудов номидаги, Ғаллакор, Деҳқонобод каби маҳаллаларнинг кенг далалари мезбонлик қиладиган кўпкарига ўн мингга яқин одам йиғилади. Ушбу тадбирни ўтказиш ички ишлар органлари ходимларига катта масъулият юклайди. Мақсад — эл-улуснинг хавфсизлигини таъминлаш. Боёвут тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, маёр Аброр Сувонқулов ана шундай пайтда барча масъулиятни ўз зиммасига олади. Кўпкаридан бир кун олдин барча ходимларни йиғиб, вазифаларни тақсимлайди.
Тадбир куни белгиланган вазифаларга биноан ЙҲХБ инспекторлари автомашиналарни тартиб билан жойлаштиришади. Юк машиналари алоҳида, енгил машиналар алоҳида қаторга қўйилиб, фуқаролар хавфсизлиги эътиборга олинади. Қатнов учун йўлак қолдирилишига алоҳида эътибор қаратилади. Чакана савдо ва ошхона хизмати кўрсатувчилар мусобақа бўлаётган жойдан четроққа жойлашиши назоратга олинади. Келаётган томошабинлар майдон четига йўналтириб турилади.
Мусобақа пайтида фуқароларнинг тартиби алоҳида эътиборга олинади. Тартиб-интизомга бўйсунмайдиган шахсларга чора кўрилади. Тадбир пайтида бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар содир этилмаслиги назоратга олинади. Бу ишларнинг барчаси Аброр Сувонқулов томонидан бошқариб турилади.
Боёвут туманида оммавий тадбирлар ўтказилишига оид статистика билан танишар экансиз, уларда бирорта ҳам қонунбузарликка йўл қўйилмаганига гувоҳ бўласиз. Бу эса ишнинг тўғри йўлга қўйилганидан далолат.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
“Постда” мухбири.
Сирдарё вилояти.
