Полковник Азиза Мўминовага бир сўз билан фидойи аёл, деб таъриф бериш мумкин. Аммо бу таъриф замирида унга хос ғамхўр фарзанд, меҳрибон она, масъулиятли раҳбар, қўли енгил шифокор ва қатъиятли ходима сингари энг аъло фазилатлар борлигини англаганимиз кўйи, унинг тимсолида ўзбек аёлларининг ҳақиқий қиёфаси яққол намоён бўлади. Дарҳақиқат, Азиза Рустамовна Янги Ўзбекистоннинг шижоатли аёлларидан бири. 

У хушфеъл, самимий, ширинсухан, меҳр-оқибатни ниҳоятда қадрлайдиган инсонлардан. Масъулияти оғир раҳбарлик лавозимида хизмат қилса-да, ҳеч қачон фарзандлик бурчини унутмайди. Падари бузруквори Рустам отани тез-тез йўқлаб, уларни авайлайди, кўнглига қарайди. Унга ҳамфикр, энг яқин дўст сифатида тарбия бериб, танлаган касбини пухта ўзлаштириб, яхши мутахассис бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топишида қўллаб-қувватлаб, суянч бўлган отаси ҳақида алоҳида меҳр ва миннатдорлик билан сўзлайди. 

Қаҳрамонимиз қарийб 25 йилдирки, ИИВ Тиббиёт бошқармасига қарашли тиббиёт муассасаларида фаолият юритиб келади. Сўнгги ўн беш йиллик фаолияти мобайнида ИИВ Тиббиёт бошқармаси «Ўзбекистон» санаториясида ўз соҳасининг етакчи мутахассисларидан иборат аҳил жамоани шакллантириб, сиҳатгоҳда дам олувчиларнинг мазмунли ҳордиқ олиши учун барча шарт-шароитларни яратиш борасида жон койитиб келмоқда. Унга бу – ишхона, бу – ўз уйим, деган қарашлар мутлақо ёт. Қаҳрамонимизга ўзи раҳбарлик қилаётган сиҳатгоҳ ҳар доим азиз ва қадрлидир.

Унинг моҳир раҳбарлик салоҳиятини табиатан жонкуярлиги тўлдиради. Ходимларига топшириқ бердими, албатта, шу ишга ўзи бош-қош бўлади. Муассаса боғида ниҳол қадаб, гул ундиришдан тортиб, қурилиш-таъмирлашда битта ғишт қўйиш, ҳатто мих қоқишгача Азиза опанинг назаридан четда қолмайди. Ошхонадаги таомларга ҳам опанинг моҳир бекалик маслаҳати, керак бўлса, қозон бошидаги тавсиялари билан янада маза кириши ҳам бор гап. Дам олувчиларга керакли муолажаларни ўз вақтида сифатли олиб бориш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштиришда ходимлари билан ҳамиша ҳаммаслакликда фаолият юритади. 

 – Азиза Рустамовна билан ўн уч йилдан буён бирга ишлаймиз, – дейди бошлиқ ўринбосари, тиббий қисм бошлиғи, подполковник Севара Зайнутдинова. – Раҳбар сифатида дам олувчиларнинг саломатлигини тиклаш борасида қайғуриб, фаолият йўналишларимиз кенгайишида жонбозлик кўрсатиб, эндокринолог, уролог, невролог, қабулхона врачи сингари тор мутахассислар фаолиятининг йўлга қўйилишига аҳамият қаратганини алоҳида таъкидлашим керак. Улардан хизматда ҳамкасб, ҳаётда инсон сифатида ибрат олса арзийди. Устоз сифатида танбеҳ берсалар, бу биз шогирдлар учун катта дарс бўлади. Чунки улар ҳеч қачон камчилигимизни бўрттириб, дарров хатойимиздан сўз очмайдилар. Балки ўзлари қаерда, нимага, қандай аҳамият қаратишимизни эринмасдан ўргатиб, ётиғи билан тушунтирадилар. Оиламиз, фарзандларимизга ҳам бефарқ эмаслар, ҳатто муаммоларимизда ҳам доим маслаҳатгўй, яқинларимиздек қўллаб-қувватловчимиз. Уларнинг бағрикенглиги, хушфеъллигига ҳаммамиз ҳавас қиламиз. 

Ҳа, қалби тоза инсон атрофдагиларга ҳам фақат эзгуликлар соғинади ва бу билан кўпчиликнинг меҳр-муҳаббатини қозонади. Қаҳрамонимиз Азиза опа нафақат қўл остида ишлаётган ходимлар, балки сиҳатгоҳга саломатлигини тиклаш мақсадида келган ходимлар, фахрийларни ҳам эъзозлайди. Уларнинг муассасадаги ҳар дақиқаси мазмунли ва фойдали ўтиши учун жон куйдиради. Шифокорларга фахрийларнинг нафақат саломатлиги, балки улар хизматининг ўзига хослиги, машаққатларию эришган ютуқлари ҳақида ҳам суҳбатлашиш кераклигини таъкидлайди. Жамоасидаги барча ишчи-хизматчиларни бу ерга келганларнинг қалбига йўл топиб, дуосини олишга чорлайди. Эл дуосини олганлар эса кам бўлмайди. Азиза Мўминова ҳам соҳада бутун борлиғи билан меҳнат қилиб, кўпнинг дуосини олиб кам бўлмади. Унинг саъй-ҳаракатлари ҳеч қачон раҳбарият эътиборидан четда қолмади. Фаолияти мобайнида ИИВ томонидан кўп бора рағбатлантирилган раҳбар опа пандемия давридаги фидойилиги учун Президентимиз фармонига кўра, 

ИИ даражали «Саломатлик» ордени, жорий йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида эса «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.

У ўзининг ҳар лаҳзада бўй кўрсатган хайрли ва эзгу амалларидан кўнгли ҳузурланиб, қалби ёришади. Эртанги кунга яна янги ғоялар билан боқишга куч олади, кўзлаган режалари кўламини кенгайтиради. Тўғри, бу осон эмас. Баъзан толиқса, бир-биридан ширин набиралари Асана, Амана, Аяминнинг беғубор кулгиларидан кўзлари қувониб, уларни ноёб гавҳарларим, дея эркалаб, суйиб, ҳаётнинг энг гўзал туйғуларини туяди. 

Полковник Азиза Рустамовнанинг шахту шижоати билан кунлари қуёшли, тунлари ойли. Биз уларни қутлуғ ёш билан қутлаш баробарида, ходимлар ва фахрийлар ҳамда уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида фидойилик билан олиб бораётган шарафли хизматида муваффаққиятлар тилаймиз.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» мухбири.