Бугунги кунда ҳудудларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича маҳаллаларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида низоли оилаларда оилавий қадриятларни тиклаш, мавжуд низоларни қонуний ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича “маҳаллабай” тарзида ишлар ташкил этилмоқда. Яна маҳаллаларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш борасида ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари кучайтирилмоқда. Хусусан, вилоят ИИБ мутасадди раҳбарлари томонидан криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчилик ҳолати жойида муҳокама қилиб борилмоқда.
Яқинда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи, подполковник Жонибек Болтаев бошчилигидаги масъуллар ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Қоракўл тумани “Човли” маҳалласида “маҳаллабай” муҳокама йиғилиши ўтказилди. Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган бўлиб “яшил маҳалла” сирасига кириб, ҳозирда 1 та оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят содир этилиши маҳалланинг “сариқ” тоифага киришига сабаб бўлди. Муҳокамада маҳаллада содир этилган жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек, жиноятчиликнинг навбатдаги “маҳаллабай” муҳокамаси Бухоро шаҳридаги Ҳамид Олимжон номли маҳаллада ҳам ўтказилди. Бу маҳаллада айни кунгача 5 та жиноят қайд қилинган бўлиб, шундан фирибгарлик, ўғирлик, гиёҳвандлик воситасини сақлаш, оғир ва енгил тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлар биттадан содир этилганлиги боис криминоген вазияти оғир маҳалла тоифасига киритилган. Муҳокама жараёнида маҳаллада содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди. Жиноятларнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди.
Иккала маҳаллада ҳам келгусида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида, “хонадонбай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ҳудудий Иибнинг тажрибали ходимларидан иборат йиғма отряд фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
М.АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
