“Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият ойлиги” Қўқон шаҳар Ички ишлар бошқармасида катта кўтаринкиликда ташкил этилмоқда.
Жумладан, Маънавият ва маърифат марказининг Қўқон шаҳар бўлими ҳамда шаҳар марказий кутубхонаси билан ҳамкорликда соҳавий хизмат ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Унда “Адолат”, “Жасорат” ва “Қалқон” жамоалари иштирок этди. Якунда “Адолат” жамоаси аъзолари ҳар томонлама билимдон эканлигини амалда намойиш этиб, биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиб жамоа ва фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундан ташқари, Пробация бўлими ходимлари Қўқон давлат музейи қўриқхонасига боришиб, шаҳар тарихи билан боғлиқ экспонатларни томоша қилдилар.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари эса шаҳарда жойлашган Буюк алломалар музейига саёҳат қилишиб, қимматли маълумотларга эга бўлишди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.