Рўйи замин сайқали Самарқанд шаҳрида туғилган Ислом қонида ижодкорлик уфуриб турганлиги сабаб шаҳардаги тасвирий санъат билим юртида таҳсил олади. Аммо Иккинчи жаҳон уруши унинг ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. У кўнгилли равишда фронтга отланиб, ҳаракатдаги ҳарбий қисмда хизмат қилади. Урушнинг сўнгги кунларигача жангларда қатнашиб, оддий пулемётчиликдан бўлинма командири, 24-ўқчи дивизия взвод командири ёрдамчиси даражасигача етди. Шу билан бир қаторда, ўзидаги маҳоратни намойиш этиб, ҳарбий нашрларда мухбирлик ҳам қилади.

Ислом Сатторов урушдан кейинги йилларда Ички қўшинлар сафида, Узоқ Шарқда, Магадан ва Чукоткада хизмат қилган. Магадан университети фалсафа факултетининг кечки бўлимида таҳсил олиб, кейин хизматни Қозоғистонда давом эттирган. Бир муддат кўп тиражли «Воспитател», «Трудовой пут» газеталарида муҳаррир ўринбосари бўлган. Изланишдан, илм олишдан тўхтамаган фидойи инсон – Қозоғистон давлат университетининг филология факултетини, сўнгра собиқ иттифоқ Жамоат тартибини сақлаш вазирлиги Олий мактабини ҳам тамомлайди.

Ватан соғинчини қалбида туйган, доим ўз диёрига қайтиш илинжида бўлган И. Сатторов ниҳоят она юртига қайтиб, собиқ иттифоқ ИИВ Тошкент олий мактаби курс бошлиғи, ўрта махсус милиция мактаби бошлиғининг ўринбосари, ИИВ Маъмурий хизмат бошқармаси бошлиғи лавозимларида сидқидилдан хизмат қилди.

1973-йили Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган Ислом Сатторов шахсий таркибга шарт-шароит яратиш мақсадида шаҳар ИИБ биносини қайтадан қуриб битказишда бош-қош бўлади.

У раҳбарлик қилган йилларда шаҳардаги криминоген вазият анча оғир эди. Вазиятни синчковлик билан ўрганиб, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этадиган жиноий гуруҳлар пайини қирқишда жиноий гуруҳларга алоқадор шахсларни қўлга олиш операцияларида шахсан қатнашади. Натижада шаҳарда ҳуқуқ-тартибот мус­таҳкамланишига, ўта оғир ва оғир турдаги жиноятларнинг камайишига эришилди. Хизматдаги ана шундай ютуқлари туфайли 1975-йил 1-ноябрда унга «генерал-­маёр» махсус унвони берилди.

Ислом Сатторов янгича услубда ишлайдиган раҳбар бўлиб, ўз давридан бир қадам олдинда юрарди.

Замондош ҳамкасбларининг эслашича, у ўзаро суҳбатларда, баъзан хизмат кенгашларида ҳам виждонига хилоф иш қилгандан кўра, қотган нон еб, сув ичиб, тирикчилик қилишни маъқул кўришини айтарди. У бошқаларни ҳам шунга чақирар, ишонтира олар, чунки таъсирчан гапира биларди. «Ойнадаги аксингизга диққат билан тикилиб, ўзингиздан ҳалол яшаяпманми, эртага яқинларим, танишларимнинг ҳақли таъна-дашномига қолмайманми, деб сўраб кўринг», деган гапни доим такрорларди.

Пойтахт милициясига 11 йил раҳбарлик қилган Ислом Сатторов 1984-йили истеъфога чиқди. Пенсияда бўш ўтиришни ўзига эп кўрмаган генерал севимли машғулоти – журналистика билан шуғуллана бошлади. Фаолиятини «Электротехник» газетасининг муҳаррирлигида давом эттирди.

Генералнинг ҳаёт саҳифаларидаги сўнгги давр муҳимлиги жиҳатдан олдингиларидан қолишмайди. Ислом Сатторов бу даврда жиддий, шафқациз синовдан ўтди. У қонунбузарлик, қўполлик билан тўқнаш келди. Унга озодлигини сақлаш эвазига виждонига қарши боришни таклиф этишди. Бироқ айбсиз айбдорга айланган бўлса ҳам, у ўз қадрини сақлади, ҳақиқат ғалабасига ишончини йўқотмади.

1985-йил 26-августда гдлянчилар томонидан тўқиб чиқарилган сохта айбловлар туфайли у ҳибсга олинади. Уч йиллик ноқонуний терговлар давомида унга нисбатан пора олиш ва бериш айблови қўйилди. Тергов-суриштирув ишлари мобайнида 116 та эпизодлар қалбакилаштирилади. Аммо асоссиз айблов бўлганлиги боис, тергов якунида ишни судга йўналтиришдан олдин терговчиларнинг ўзи дастлаб 70 та, кейин яна 13 та айблов эпизодидан воз кечишга мажбур бўлишган.

– Турмуш ўртоғим ҳибсга олингач, ҳаётимиз «олдинги» ва «кейинги» даврга бўлинди, – дейди Зоя Сатторова. – У киши қўлга олинган куниёқ хонадонимизда тинтув ўтказилди ва шу ондан бош­лаб доимий қўрқув ҳамда таҳлика ичида яшай бошладик. Эримга пора сифатида берилган нарсалар ва қимматбаҳо буюмларни топширишимни сўрашди. Уларга уйда ҳамма нарса ҳалол меҳнат эвазига сотиб олинганини айтдим. Тинтув давомида у кишининг барча орден ва медаллари, шунингдек, фотосуратлари олиб қўйилди. Мени ҳам терговчи Н. Иванов ўтирган хонага сўроққа олиб киришди. Ундан аниқ бирор нарса эшитмадим. У Ўзбекистондаги умумий вазият ҳақида қандайдир мавҳум мулоҳазалар юритди. Бир варақ қоғозга чизиқлар чизди ва пора бўйича нималарнидир тушунтиришга ҳаракат қилди. У ақлли одам қиёфасига киришга уринар, мен эса бунинг тамоман акси эканини кўриб турардим.

Терговчилар энди Зоя Бахрамовнанинг иш жойи – Тошкент давлат университети ҳужжатларини титкилашга киришди. Уни кадрлар бўлимига чақиртиришиб сўроқ қилишади. Терговчилар олийгоҳнинг икки мингга яқин штат бирлиги рўйхати қайд этилган катта дафтар-китобни хатчўплар билан белгилаб қўйишган эди. Шу тариқа, фамилияси Сатторов бўлган барча ишчилару таҳсил олувчиларни аниқлаб чиқишган. Лекин уларнинг бирортаси Сатторовнинг қариндоши эмас ва фарзандлари ҳам бу ерда ўқимас эди. Уларнинг фарзандлари Тошкентда эмас, Москва электротехника алоқа институтида таҳсил оларди.

Яна бир ҳолат университет партия қўмитасининг техник котиби З. Сатторовага қўнғироқ қилиб, шаҳар қўмитасидан эри билан ажрашгани ҳақида аноним хабар келганини маълум қилишган.

Гдлянчилар томонидан И. Сатторовнинг ўғли Тимурга нисбатан ҳам қандайдир тўқиб чиқарилган уйдирма асосида безорилик жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши ноқонуний қўзғатилгани боис, иш судгача етиб бормади. Лекин терговчилар бу ишларнинг барчасини унинг отаси айбини бўйнига олиши учун ўйлаб чиқилган найранглар эди. Улар Тимурни ертўлага қамаш билан қўрқитиб:

«У ерда ўтириб отанг билан деворга тақиллатган ҳолда гаплашасан», деб таҳдид қилишган.

Хуллас, сўроқ-саволлар ва тергов жараёнлари тугаб, И. Сатторов барибир қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Ҳақиқат эгилади, букилади аммо синмайди. Қаҳрамонимиз 1990-йил 8-июн куни қамоқдан озод этилади. Шундан сўнг умрининг охирига қадар «Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз» газетасида муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлади. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Олий Кенгаш депутати этиб сайланиб халқ манфаатлари йўлида фидокорона меҳнат қилган. Унинг хизматлари муносиб баҳоланиб, бир неча орден ва медаллар билан ҳам тақдирланган. Лекин ўлим ҳақ. У 1992-йил 30-март куни 68 ёшида бу ҳаётдан кўз юмди.

Ҳа, ички ишлар органлари тарихида генерал-маёр Ислом Сатторов каби ўз Ватанини севган, мустамлака даврида ҳар қандай қаршиликларга қарши мардона тура олган ва адолат учун курашганлар кўп бўлган.

Сарвар СОБИРОВ тайёрлади.