Ички ишлар органлари томонидан вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳаёти ва мол-мулкини жиноий тажовузлардан сақлаш, борасида кенг қамровли тезкор-қидирув ҳамда профилактик чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Айниқса, жиноятларни фош этиш, қидирувдаги жиноятчиларни ушлаш, коррупсия, иқтисодий, ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ғайриқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларга эътибор қаратилиб, жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳудудида жорий йилнинг 2 ойи давомида 77 та ўғирлик жиноятлари содир этилган бўлиб, очилмай қолган жиноятларни фош этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қоракўл, Олот, Ромитан, Вобкент, Пешку ва Когон туманлари ҳудудида содир бўлаётган сув тортиш насоси ва трансформатор ўғриликларини фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу турдаги ўғриликларни содир қилиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилди.
Жумладан, Когон тумани Когон маҳалласида жойлашган фуқаро Ғ.А.га қарашли фермер хўжалиги дала майдонидан бир дона баҳоси 11 миллион 500 минг сўмлик дала майдонларини томчилатиб суғоришга мўлжалланган трансформаторни номаълум шахслар ўғирлаб воқеа жойидан яширинганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни содир қилган шахслар қўлга олинди. Аниқланишича, жиноятнинг ташкилотчиси 1995 йилда туғилган, муқаддам бир неча маротаба ўғирлик жинояти билан судланган, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи Д.А., жиноий шериги, ҳамқишлоғи 1989 йилда туғилган С.А. (вазифа бажарувчи) ва ўзининг “Нексия” русумли автомашинасида ҳайдовчилик ролини бажарган, 1995 йилда туғилган яна бир пастдарғомлик Т.Ў. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, ўғирлик жиноятини содир қилишган.
Жиноий гуруҳ аъзолари билан олиб борилган тезкор суриштирув, терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида жиноий гуруҳ ташкилотчиси Д.А. Қоракўл, Олот, Ромитан, Вобкент, Пешку ва Когон туманлари ҳудудидан сув тортиш насоси (электродвигател) ва трансформаторларни ўғирлаб, ўғирланган буюмларни Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи Р.Ш. исмли шахснинг юк автомашинасини буюртма қилган ҳолда, вилоятдан олиб чиқиб кетиб, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи фуқаро С.Д.га сотганлиги аниқланди ва ашёвий далиллар холислар иштирокида олинди.
Шунингдек, сотиб олувчи фуқаро С.Д. билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан унга сотиш учун берилган яна бир нечта сув насослари гумон қилиниб олиб қўйилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноий гуруҳ аъзолари ижарага олган Когон тумани Ҳукуматобод маҳалласи Сабиён қишлоғидаги уй кўздан кечирилганда, вилоятнинг Ромитан ва Қоракўл туманлари ҳудудидан ўғирланган 3 та томчилатиб суғориш қурилмалари двигателлари ҳам ҳужжатлаштириб олинди. Бундан ташқари, жиноий гуруҳ томонидан Пешку туманининг Афшона қишлоғидаги қабристон ёнидан ўғирлаб кетилган 5 дона двигателлар Тошкент шаҳрида яшовчи С. исмли шахсга сотиб юборилганлиги аниқланган ва ҳозирда далилий ашёларни ҳужжатлаштириб олиш чоралари кўрилмоқда.
Гумон қилинувчилар билан олиб борилган тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида жиноий гуруҳ аъзоларининг Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида содир қилган 10 га яқин ўғрилик жиноятлари тўғрисида тезкор маълумотлар олиниб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аниқланган ҳолатлар тегишли тартибда қайд этилиб, Когон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жкнинг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ш. ЖАЛОЛОВ,
подполковник.
Бухоро вилояти.
