Қўқон шаҳрининг “Бўстон” маҳалласида вояга етмаганлар томонидан содир этилган оғир турдаги жиноят вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда шаҳар фаоллари иштирокида муҳокама қилинди. Бу ҳақида вилоят ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраэв сўзга чиқиб, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларига тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, айрим ёшлар оиладаги тарбиянинг етарли эмаслиги, эътиборсизлик ва назорацизлик ортидан пичоқ ва бошқа совуқ қуроллар кўтариб юришни одат қилишган. “Бўстон” маҳаллласида содир этилган тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятга ҳам ана шу омиллар сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 28-феврал куни “Бўстон” маҳалласидаги 27-уй олдида 2007- ва 2008-йилда туғилган икки нафар ўспирин ўртасида жанжал юзага келади. Жанжал давомида улардан бири ёнида бўлган пичоқ билан иккинчисига тан жароҳати етказади.

Бошқарма бошлиғи ушбу жиноятнинг содир этилишига биринчи навбатда оилада тарбиянинг сусайгани, ота-оналар фарзандларини етарлича назорат қилмагани, шунингдек мутасадди раҳбарларнинг лоқайдлиги сабаб бўлганини таъкидлаб, келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан ўз фикрларини айтиб ўтди. Таълим муассасаларида, маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот ва тарбиявий ишларни кучайтириш, ҳудудга видеокузатув мосламаларини ўрнатиш лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда Қўқон шаҳар ҳокими ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳам сўзга чиқиб, кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.