Абдусоли (исми ўзгартирилди) ниҳоят ниятига етди. У “Микрокредитбанк” АТБ Когон банк хизматлари мутахассиси лавозимида иш бошлаб, ўзини банк эгасидек тутадиган бўлди. Айниқса, банкларда мижозларга ажратиладиган кредитлар унга пул топиш манбаига айланди.

Дастлаб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ажратилган 30 миллион сўм ижтимоий кредит маблағларини ҳужжатлаштириб бериш жараёнида, солиқ тўлови ва бошланғич тўлов сифатида деб, мижоздан 4 миллион 700 минг сўм талаб қилди. У алданганини билмай айтилган пулларни берди.

Мижозлар ҳар кун келади. Аммо ишонувчан фуқаролар ҳар кун бўлмайди. Уни обдан кузатиб, кейин режасини амалга оширмаса, панд еб қолиши турган гап. Навбатдаги фуқаро билан синалган усулда гаплашиб, мақсадини дангал ошкор қилди. Фуқаро ҳам дангалчи экан, дарров тузилган кредит шартномасига асосан расмийлаштирилган 22 миллион 500 минг сўм микроқарз маблағларидан 1 миллион 800 минг сўм ортиқча тўловни алдов йўли билан ундирди.

У жиноий ҳаракатларини давом эттириб, учинчи фуқарони ҳам алдашга ўтди. Ишончни суиистеъмол қилиб, бу сафар ҳам банк билан тузилган кредит шартномасига асосан 30 миллион сўм ижтимоий кредит маблағларини ўзи тўлаб беришини айтиб, кредитдан 15 миллион сўмини тўлаб, қолганини тўламасдан, ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлади. 

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Қонун ҳимоячилари ҳам банкирнинг қилмишидан хабардор бўлиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда Когон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси ходимлари Абдусолининг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб боришмоқда.

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.