Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз коинотни забт этиш ишларига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Бу ишлар собиқ иттифоқ даврида бошланган. Бунда Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг ўрнини алоҳида айтиб ўтиш зарур. 1977-йилдан 1987-йилгача заводда космонавтларни вазнсизлик шароитида синаш учун бир нечта «ИЛ-76 МДК» русумли самолёт-лабораториялари қурилди. Ушбу самолётларда юздан ортиқ иттифоқ ва хориж космонавтлари тайёрланди.
1969-йилда Тошкент машинасозлик конструкторлик бюроси (Тошмкб) ташкил этилган. Бюро Ой ва Венерани тадқиқ қилиш, космик ускуналарни, жумладан, диаметри 30 метргача бўлган антенналарни яратиш, тайёрлаш, текшириш, тўлиқ ўлчамли штат намуналарини йиғиш ва ишлаш учун асбоблар ва аппаратлар ишлаб чиқди. Бюро олдига Ой базаларини лойиҳалаш, Ой тупроқ жинсларидан кислород ва сув олиш учун қурилмалар яратиш вазифаси қўйилди.
Мутахассислар Ой тупроғини бурғулаш ва Ерга етказиш учун қурилмалар яратишди. Тошкентда ишлаб чиқилган тупроқ олиш мосламаси «Луна-24» космик аппаратига ўрнатилди. 1976-йилда у Ойда чуқурлиги 2 метрдан ортиқ бўлган қудуқни бурғулади. Олинган тупроқ намуналари ўрганиш учун Ерга етказилди. Таҳлил натижасида биринчи марта Ойда сув мавжудлиги ҳақида ишончли далиллар олинди.
Тошмкб космосда янги композицион материаллар етиштириш учун қурилмалар яратиш билан ҳам шуғулланган. Тошкентда ишлаб чиқилган махсус эритиш печлари ва ноёб асбоблар ёрдамида орбитал стансияларда турли материалларни эритиш ва улардан намуналар олиш бўйича тажрибалар ўтказилган.
Бюро мутахассислари ўта юқори ҳарорат ва кучли кимёвий таъсир муҳитида ишлай оладиган бурғулаш аппаратини ишлаб чиқишди. Қурилма «Венера-13» ва «Венера-14» автоматик космик стансияларига ўрнатилди. 1982-йил март ойида улар Венерага юмшоқ қўнди ва тупроқнинг физик-кимёвий хусусиятларини ўрганиш учун бурғулаш, олиш ва ташиш бўйича ноёб тажрибаларни амалга оширди.
1981-йилда Чирчиқда Тошмкб филиали – «Композит» тажриба-экспериментал заводи ташкил этилди. Унда композит материаллардан космик конструксиялар учун ноёб қисмлар ва узеллар тайёрланган. Завод композицион шиша ва углерод толаси ҳамда улардан тайёрланган буюмлар ишлаб чиқарган. Углерод толаси – енгил, аммо пўлат каби мустаҳкам материал бўлиб, авиакосмик, ҳарбий мақсадларда, шунингдек, автомобил ишлаб чиқаришда қўлланилган. Бугунги кунда кундалик ҳаётда ҳам кенг қўлланилмоқда.
1988-йилда Москва космик марказларидан бирининг филиали сифатида Тошкент космик асбобсозлик илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Институтнинг йўналишларидан бири табиий ресурсларни аниқлаш ва хўжалик-экологик фаолиятни таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳолатини ўрганиш учун Ўзбекистон ҳудудининг космик тасвирларини қайта ишлаш эди.
Илмий-тадқиқот институти қишлоқ хўжалиги, қурилиш, картография, геология, геофизика, сув ва минерал ресурслар соҳаларида қимматли натижаларга эришди. Институт Ерни масофадан зондлаш соҳасида 50 дан ортиқ мутахассислар тайёрлади.
1980-йиллар бошида «Ой» ва «Энергия», «Буран» дастурлари учун Тошкент вилоятининг Паркент туманида «Невич» номидаги Тошмкб йиғиш-синов полигони қурилди. Унда кўплаб стендлари ва механик корпуслари, радиотелеметрик ва бошқа ўлчаш аппаратлари, йиғиш сехлари ва устахоналари бўлган ноёб экспериментал иншоотлар яратилди ва синовдан ўтказилди.
1982-йилда Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Суффа платосида радиоастрономик расадхона қурилиши бошланди. Унинг асосий обекти – 70 метрли радиотелескоп бўлиб,
у миллиметр диапазонда космик нурланишни қайд этиш учун ноёб восита ҳисобланган. Шунга ўхшаш ускуна фақат Сан-Диего (АҚШ) да мавжуд.
Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган Ўзбекистон Фанлар академиясининг «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Катта қуёш печида «Буран» орбитал кемаси ҳимоя қопламасининг юқори ҳароратга бардош бериш синовлари ўтказилди. Бу тадқиқотлар юртимизнинг космик изланишларидаги салмоқли ҳиссасидир.
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилди. Хорижий мамлакатларнинг миллий космик ташкилотлари, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Космик масалалар бўйича (УНООСА) бошқармаси билан алоқалар йўлга қўйилди. 2002-йилда «Ўзбеккосмос» фаолияти тугатилди. Фанлар академияси Космик тадқиқотлар маркази ташкил этилиб, унга иккита корхона киритилди, қолганлари турли вазирлик ва идораларга топширилди.
2019-йил 30-августда Президентимиз Ўзбекистонда космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, «Ўзбеккосмос» агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг вазифалари орасида Ерни масофадан зондлаш тизимини ҳамда сунъий йўлдош алоқаси тармоғини яратиш, сунъий йўлдош навигация комплексларидан фойдаланиш ва бошқалар бор.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш замонавий иш ўринларини яратиш, илм-фанни ривожлантириш, космик тадқиқотлар соҳасида мамлакатнинг технологик мустақиллигини, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш имконини беради.
Ғайратулла ШУКУРОВ тайёрлади.
