1991 йилда бахтли ҳаёт ва порлоқ келажакни орзу қилган мусиқий продюсер Исаак Райт гиёҳвандлик моддасини тарқатиш бўйича ёлғон айблов билан судланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 

Мутлақо айбсиз бўлган маҳбус дастлабки бир неча йилни Ню-Жерси федерал қамоқхонасининг кутубхонасида ўтказиб, барча қонун ҳужжатларини ва бир қанча суд жараёнларини ўрганди. Шунингдек, у ўзи билан бирга жазо ўтаётган маҳбусларнинг жиноят ишлари билан қизиқиб, улардан батафсил маълумотлар олди ва ёлғон айбланиб қамоқхонада ётган якка ўзи эмаслигига амин бўлди. 

Тинимсиз ўқиш ва ўрганиш натижасида Райт етти йил давомида 20 нафар айбсиз маҳбуснинг озодликка чиқишига ёрдам берди. Ўзининг аппеляцияси эса бир йилга чўзилди ва натижада Исаакнинг оқланиши билан якун топди. Шундан сўнг у жиноят иши билан шуғулланган округ прокурори, судя ва полициячилар устидан шикоят қилиб, уларнинг катта жиноячиларни ҳимоя қилиш мақсадида беайб фуқароларга нисбатан сохта айблов, гувоҳлар ва маълумотларни тақдим этишганини исботлаб берди ва ҳар бирининг жазога тортилишига эришди.

Етти йил деганда тўлиқ оқланиб чиққан Исаак Райт Сент-Томас университетининг юридик факултетига ҳужжат топшириб, 2007 йилда ушбу таълим муассасасини аъло баҳолар билан тамомлади. Собиқ маҳбус бу ерда ўзига хос машҳурликка эришиб, ўқишда шу қадар муваффақият қозондики, натижада университет ошхонасини унинг исми билан номлашди. 

Райт 2008 йилда Ню-Жерси адвокатлар коллегияси қабул қилинди. Бу ерда у 9 йил давомида «синов муддатида» фаолият олиб борди. Ваниҳоят 2017 йилда унга расмий равишда адвокат сифатида жиноят ишларини олиб бориш ҳуқуқи берилди. Шу соҳада ишлаш учун лицензияни қўлга киритган Райт ўз фаолиятини Сомерсет округи судида бошлади. Унинг воқеаси кўпчилик учун сабоқ бўлди, бу асосда ҳатто филм суратга олинди. Яқинда Ню-Ёрк мери лавозимига унинг номзоди ҳам қўйилди. 

Таъкидлаб ўтиш жоизки, унга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаш ҳақидаги ҳукм айнан Сомерсет округи суди томонидан белгиланган эди. Шундай қилиб, Исаак Райт ўзини жазога тортган суд биносида бегуноҳ инсонларни ҳимоя қилишга киришган биринчи адвокат бўлди!   

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.