Лочинбек 8-синфда ўқиб юрган кезлари спортнинг ўзбек жанг санъати ва карате турлари бўйича дастлаб туман ва вилоят биринчиликлари­да ғолиб бўлди. Кейинчалик мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам совринли ўринларни эгаллади. 

У 9-синфни тугатиш арафасида ота-онаси билан маслаҳатлашиб, ИИВ Навоий академик лицейига ҳужжат топширди. Ҳозирда 2-курсда таҳсил олмоқда. 

Лочинбек Саъдуллаевнинг спортдаги ютуқларига батафсилроқ тўхталадиган бўлсак, ўзбек жанг санъати бўйича ўз вазн тоифасида 2018-йилда бўлиб ўтган халқаро мусобақада ва 2019-йилги Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни эгаллади. 2019-йилда Россияда ёшлар ўртасида карате бўйича ташкил этилган халқаро турнирда 2-ўрин соҳиби бўлди. Шу йили ўзбек жанг санъати бўйича Осиё чемпионатида унга фахрли 3-ўрин насиб этди. Ушбу спорт тури бўйича 2020-йилги мамлакат чемпионатида яна шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. 2022-йилги Осиё чемпионатида эса илгариги мавқеини яхшилаб, кумуш медал соҳиби бўлди. 2022-йилги мамлакат чемпионатида яна чемпионлик мавқеини сақлаб қолди. Қозоғистонда ўзбек жанг санъати бўйича бўлиб ўтган Жаҳон кубоги мусобақасида 2-ўринни эгаллади. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.

Лочинбек академик лицейда фанлардан «аъло» ўқиши билан бир қаторда, жамоат ишларида фаол иштирок этади. У спорт мусобақаларида мунтазам қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Мақсади – ИИВ Академиясига ўқишга кириб, келгусида жиноят қидирув ходими бўлиш. Унга орзуси амалга ошишида тилакдошмиз. 

Отабек ШАМСИЕВ,

ИИВ Навоий академик лицейи ўқитувчиси, 

истеъфодаги подполковник.

МУАЛЛИФ ТЎҒРИСИДА

Отабек Шамсиев 1973-йили Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. 1996-йилдан 2017-йилгача Навоий вилояти ички ишлар органларида турли лавозимларда хизмат қилган. Жумладан, 2009 – 2017-йилларда вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013-йил 23-октабрдаги фармонига кўра «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.