Кун қаҳрамони
Бугун ички ишлар органларида йигитлар қаторида берилган ҳар бир топшириқни ўта маъсулият билан бажариб келаётган фидойи аёлларимиз жуда кўпчиликни ташкил этади. ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакили, подполковник Зуҳрахон Ходжаева ҳам ана шундай жасур аёлларимиздан бири.
У ёшлигидан ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига ҳавас қиларди. Орзулари рўёбга чиқиб, 1998 йилда ИИВ Академиясини имтиёзли диплом билан тугатди. Ички ишлар органлари соҳасида тажрибали ходимлар йўл-йўриғи ва маслаҳати асосида соҳа сир-асрорларини ўргана бошлади. 2013 йилдан буён одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида ишлаб келмоқда. Одам савдоси мураккаб жиноятлар туркумига киради. Шу боис унинг зиммасидаги вазифа доимо ҳушёрлик ва сергакликни талаб этади.
Подполковник З. Ходжаева доимо инсонпарварлик ғояларини илгари суради. Ақл-заковати, ширин сўзи ҳамда юксак фаҳм-фаросати билан ҳамкасблари орасида ҳурматга сазовор бўлган. Мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни чуқур мушоҳада этишга ва мавжуд муоммоларни бартараф қилишда бор куч-ғайратини аямайди. Айниқса, соҳага оид маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишда ва ўтказишга бош-қош бўлмоқда.
Чорак асрдан ортиқ содиқлик билан хизмат қилган Зуҳрахон Хождаева 2020 йилда Ички ишлар вазирлиги томонидан И даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Танлаган касбининг етук мутахассисига айланган, зиммасидаги ҳам аёллик, ҳам хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган бундай хотин-қизларимиз сафи кўпаяверсин.
Мадина ҚАҲҲОРОВА,
“Постда” мухбири.
