Инсон бу дунёда бахтли яшашга ҳақли. Бахт эса, қўл чўзсанг, кафтингга қўнадиган қуш эмас. Борди-ю, биз бахтни қуш деб тасаввур қилган чоғда ҳам, у чинакам фидойи, тилу дили бир, нияти қилаётган иши, амалига мутаносиб, ҳалол ва покиза инсонлар бошида учади, парвона бўлади.
Яхшилик, миллатпарварлик, ватанпарварлик ҳар бир инсонга ярашади. Бу фазилатлар соҳиби, аввало, оиласининг, жамият, маҳалла-кўй, уни билган ҳамюртлари эътибор-у эъзозида бўлади.
Шу ўринда, мен «Ички ишлар органи ходими қандай фазилатларга эга бўлиши керак?» деган саволга ҳеч иккиланмай, қуйидаги фикр-мулоҳазаларни келтирган бўлардим.
Халқимиз тили билан айтганда, етти ўлчаб, бир кесадиган, чуқур мулоҳазали, одамохун, бағрикенг, босиқ, айни пайтда қатъиятли, сўзи кескир, жисм-у жонидан улуғворлик, салобат ёғилиб турадиган, ҳамиша ва ҳар ишда адолатга таянадиган, қонун устуворлигига қатъий амал қиладиган, ўз ваколати чегараларини билувчи ва уни суиистеъмол қилмайдиган, билимли, оилапарвар инсон бўлиши керак, деб ўйлайман.
Чунки ҳукм ўқувчи ёки шуни ижро этадиган одам жазолашга доимо улгуради. Ваҳоланки, ички ишлар органларининг асосий хизмат маёғи жазолаш эмас, балки жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олишга қаратилиши лозим! Шу маънода, ички ишлар ходими ҳам жазоловчи мақомидан кўра, жиноятнинг олдини олувчи, ҳуқуқбузарликлар содир этилмаслигини таъминловчи бўлишини жуда-жуда истардим. Дунёда сабаб ва оқибат деган икки ўзан бор. Ички ишлар ходими, модомики, халқ, жамият билан муомала қиларкан, мана шу омилларни ўз ҳаётий тажрибаси ва малакаси, билими, одамларнинг турмуш тарзи, дунёқараши ва касб-у корини кузатган шахс сифатида тўғри ва тезкор баҳолай олмоғи даркор! Ана шунда салла олиб келиниши жоиз бўлган ўринларда калла ҳам қўшиб келтирилмайди...
Айбига ўз ихтиёри билан иқрор бўлган инсонни ўз виждони кўзгусига солиш, қалбан эзгуликка эш қилиш, оиласи, эл-юрт олдидаги масъулиятини англатиш, бир сўз билан айтганда, Худодан қўрқиб, халқдан уялишигача етказиш учун ички ишлар соҳиби билимли, оқил-у одил бўлмоғи зарур.
Мухтасар қилсак, ички ишлар органлари ходимлари эзгу ишда, эзгу ниятларда, эзгу амалларда намуна бўлолса, ундай одамга ўзгалар ҳам эргашади, ҳавас қилади, суянади, ишонади! Зотан, Янги Ўзбекистонда қатъият соҳиби қадр топади, ҳаётидан, касбидан барака топади!
