Яқинда Бухоро тумани “Работиқалмоқ” маҳалласида жойлашган эски икки қаватли бино капитал таъмирланиб, маҳалла маркази ва “Ҳуқуқ-тартибот маскани” сифатида фойдаланишга топширилди. Маҳалланинг барча аҳоли пунктлари ва қишлоқлар марказлари, овлоқ жойларида 40 тадан ортиқ замонавий видеокузатув камералари ўрнатилиб, ҳуқуқ-тартибот масканида жойлашган профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилинган. Қолаверса, “Работиқалмоқ” Мфйдаги узоқ йиллардан буён ўз ҳолига ташлаб қўйилган 6 гектар майдондан иборат хиёбон ҳудудида “Тадбиркорлар хиёбони” ҳам барпо этилди. Бу хиёбондаги маҳалла спорт мактабининг эски бинолари ҳам замон талабларига мос равишда таъмирланди. Маҳалла биносида шахмат тўгараги ташкил этилди.
Ҳудуд хиёбонида 80 кишини доимий иш билан таъминлаган тикув сехи янгидан барпо этилди. Унда дафтарларда бўлган 40 нафар ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, вилоят тадбиркорлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматларни тарғиб қилувчи “Кўргазма маркази”, шунингдек, “Хизмат кўрсатиш маркази”, “Тематик хиёбонча”лар, “Ўқув маркази”, “Нуронийлар маскани” “Боок Cафе” ва ҳаммом ҳам барпо этилди. Давлат хусусий шерикчилик асосида эса 180 нафар болаларни ўз бағрига олувчи замонавий боғча қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хиёбонга олиб борувчи 4,7 км. йўлда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ушбу Марказнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда сектор раҳбарлари, бошқа мутасадди идоралар масъул раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирок этишди. Бинода маҳалла фуқаролар йиғининг ўзига хос анъана ва қадриятлари, турмуш тарзини ўрганиш, тарғиб этиш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида илк маротаба нодавлат кўринишида “Бухоро тумани маданият тарихи музейи” ташкил этилиб, Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказилди.
Қисқаси, аҳолига янги йил арафасида фойдаланишга топширилган маҳалла ва унинг таркибидаги ҳуқуқ-тартибот маскани биноси фуқароларнинг оғирини енгил қиладиган ҳимоя қўрғони бўлди, десак, муболаға бўлмайди.
Ш.ЖАЛОЛОВ,
подполковник.
М.АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
