Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан шахсий таркибнинг касбий маҳорати ҳамда жанговар шайлигини ошириш билан бир қаторда сайёҳларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмасини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.
Жорий йилнинг 8–19 феврал кунлари Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Урганч филиали мутахассислари томонидан бошқарма ходимларининг биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди. Бунда ўқув курси тингловчилари хизмат фаолияти давомида вужудга келадиган кўплаб фавқулодда вазиятларга ечим топишди. Машғулотлар давомида ҳар бир ходимнинг ушбу соҳа бўйича эгаллаган билим ва кўникмалари тажрибали мутахассислар томонидан баҳолаб борилди.
– Ўтган икки йил давомида ходимларимизга чет эл ва маҳаллий сайёҳлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 350 га яқин мурожаат келиб тушган, – дейди вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Марат Худойберганов. – Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, ходимларимиз биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳам етарли билим ва тажрибага эга бўлишлари лозим. Ушбу ўқув машғулотлари юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ўқув машғулотларини муваффақиятли тамомлаган ходимларга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг сертификатлари топширилди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Постда” мухбири.
Хоразм вилояти.
