Бағдод туманида Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти ташаббуси билан шаҳар-туман ИИБ бошлиқлари – учинчи сектор раҳбарлари учун семинар-тренинг ташкил этилди. Унда илғор тажрибаларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Муҳитдин Жўраэв кириш сўзи билан очди. У ўз сўзида семинар секторлар фаолиятини янги босқичга кўтариш ва муаммоларни ҳал қилишда тажрибалар билан ўртоқлашиш имконини беришини қайд этди.
Семинарда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали раҳбар ходимлари ва етакчи мутахассислари сектор фаолиятини рейтинг кўрсаткичлари асосида баҳолаш юзасидан маъруза қилишди. Ёшлар ишлари агентлиги мутахассислари эса ёшларни “Ёшлар дафтари”га киритиш ва чиқариш тартиби, ёшлар баланси каби мезонлар бўйича атрофлича маълумот беришди.
Сектор раҳбарлари ва котиблари фаолиятда дуч келаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилиб, мутахассислардан асосли жавоб ва услубий ёрдам олишди. Қизғин мунозараларда муҳим фикрлар, таклифлар ўртага ташланди.
Семинар давомида иштирокчилар Бағдод тумани тажрибаси билан яқиндан танишдилар. Учинчи сектор штабида яратилган шароитлар, ҳужжатларнинг юритилиш тартибини ўргандилар.
Шунингдек, ҳудуддаги 2-сонли касб-ҳунар мактабида ташкил этилган ишлаб чиқариш ва ўқув амалиёти жараёнлари кўздан кечирилди. Ёшлар ўз ишланмаларини меҳмонларга намойиш қилдилар. Хотин-қизларни касбга йўналтириш бўйича ташкил этилган қисқа курслар фаолиятини ривожлантириш, уларни айланма пул маблағлари ва зарур анжомлар билан таъминлаш, таълим муассасасининг китоб фондини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
“Дашт” МФЙ тумандаги ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир бўлган ҳудуд саналади. Семинар иштирокчилари ушбу маҳаллада ҳам бўлиб, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор билан мулоқот қилишди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан 25 та кўрсаткич бўйича тақдимотлар билан танишишди.
Бир сўз билан айтганда, семинар мазмунли ва самарали бўлди. Учинчи сектор бошлиқлари кун давомида ўрганганлари ва илғор тажрибаларни ўзлари фаолият олиб бораётган туманда амалиётга татбиқ этишга келишиб олдилар.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
