– Ўқитувчилик бобоме­рос, онамерос касб менга, шунданми, болаларга илм улашсам, ўзимни бахтиёр сезаман, – дейди Комилжон Алиқулов. Ҳуқуқшунослик ҳам жиддий, ҳам мураккаб фан. Лицейимиздаги аксарият ўқувчиларнинг келажакдаги касб танлови айни шу фан билан боғлиқлиги боис уни қизиқар­ли тарзда ўтишга ҳаракат қиламан. Бугун ҳуқуқини билган одам ҳаққини ҳам, ҳаддини ҳам таний оладиган инсонга айланади. Шунинг учун ҳам у барча учун керакли илмдир. 

Академик лицейда ҳуқуқ­шунослик фани чуқурлаштириб ўтилгани боис мала­кали устозлар қаторида, Комилжон Алиқулов ҳам ҳар бир дарсни интерактив усуллардан фойдаланган ҳолда ўтишга ҳаракат қилади. Машғулотлар давомида ақлий ҳужум, тезкор савол-жавоб, балиқ скелети, кейс-стади каби педагогик технологиялардан унумли фойдаланади. Ҳар бир мавзуни ҳаётий мисоллар ёрдамида, ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда тушунтиради. Бу эса ўқувчи-ёшларнинг ушбу фанни яхши ўзлаштиришига ёрдам беряпти. 

Қолаверса, ўқувчиларни ҳуқуқшунослик бўйича беллашувлар, фан олимпиадаларига тайёрлашдан эринмайди. Натижада республикамиздаги барча ИИВ академик лицейи ўқувчилари ўртасида ўтказилган ҳуқуқшунослик бўйича фан олимпиадасида ИИВ Сурхон­дарё академик лицейи ўқув­чиси Дилрабо Саъдуллаева 2021-йилда 3-ўринни, 2023-йилда эса 1-ўринни қўлга киритди. 

Камтарлик феълини безаган устоз билан суҳбатлашаркансиз, унинг ҳар бир сўзи, ҳаракатида аниқлик, қатъият борлигини фаҳмлайсиз. Табиийки, қаҳрамонимиз адолат қарор топиши учун курашиб яшайдиган авлодни шакллантиришга тиришади. Шогирдларининг ютуқларидан эса доим қувонади. 

Феруза Раҳмонқулова,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.