Терговни билимдонлар олиб боради
...Хўжаобод тумани Иибга Жомий маҳалласида истиқомат қилувчи А.Бекмуродов ариза билан мурожаат қилди. Кекса фуқаро бир неча соат олдин кимдир унинг велосипедини ўғирлаб кетганини айтди.
– Харид учун бозорга кетмоқчи бўлиб тургандим. Ҳовлига чиқсам, велосипедим йўқ. Яқиндагина бостирма остида турганди. Ёрдам беринглар, у бўлмаса, қўл-оёқсиз қоламан.
Тергов-тезкор гуруҳи ходимлари ишга киришди. Кўп вақт ўтмади, велосипедни ҳеч қаерда ишламайдиган шу маҳаллада яшовчи фуқаро Б.Йўлчиев ўғирлагани аниқланди. Илгари бир неча бор судланган, ичкиликбозликка ружу қўйган бу кимса қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов иши тергов бўлинмасининг ёш терговчиси, лейтенант Хислатбек Қосимжоновга топширилди.
– Ушбу жиноят иши тергов амалиётимда биринчиси эди, – дейди Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси капитан Х.Қосимжонов. – Гумонланувчи чалкаш кўрсатмалар бериб, ҳеч нарсани эслай олмаслигини, велосипедни ўғирламаганини билдирди. Аммо тергов давомида айби тўлиқ исботланди. Велосипед рамасидан унинг бармоқ излари топилди. Ўғирланган велосипедни сотиб олган қўшни маҳаллада яшовчи фуқаро ҳам Б.Йўлчиевга қарши кўрсатма берди.
Ўша пайт жуда хурсанд бўлиб, мамнуният ҳиссини туйгандим. Шундан буён орадан беш йил ўтди. Бу вақт ичида бир қанча гумонланувчилар иштирокидаги кўп эпизодли, мураккаб ишларни ҳам тергов қилишимга тўғри келди.
Капитан Хислатбек Қосимжонов Хўжаобод туманида туғилиб, вояга етган. Ички ишлар вазирлиги Академиясини битирган.
– Хизмат фаолиятимда турли одамлар, жумладан, жиноятчилар билан ишлашга тўғри келади. Уларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашув зарур, – дейди қаҳрамонимиз. – Гапнинг рости, кўп қийналганман. Масалан, ёш терговчи бўлган давримда тўрт томлик айблов хулосасидан нусха кўчиришим керак бўлиб, тонг саҳаргача ишхонада қолишга мажбур бўлганман. Лекин ҳар доим қийинчиликлар чинакам терговчига айлантиришига ишончим комил бўлган. Мен шу касбни танлаганим учун ҳеч қачон афсусланмайман.
Борис КЛЕЙМАН,
«На посту» мухбири.
Андижон вилояти.
