Ёшлар – келажак бунёдкори

Катта лейтенант Жўрабек Нуралиев Самду академик лицейида ўқиб юрганидаёқ, фанларни тиришқоқлик билан ўзлаштириши, спортнинг ўзбек жанг санъати, таэквондо турлари бўйича Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритгани билан тенгдошларига ўрнак эди.

Кейинчалик у ниятлари рўёби учун интилиш, изланишдан тўхтаб қолмади. Осойишталик посбони бўлишдек улуғ мақсади йўлида ИИВ Академиясида ўқиди, соҳага оид билимларини бойитди. Ҳозирда эса Самарқанд вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати маънавий-маърифий ишлар бўлими ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори.

– Китоб мутолааси энг севимли машғулотларимдан, – дейди қаҳрамонимиз. – Бадиий асарлар инсоннинг ҳаётга бўлган қарашларини, фикрларини теранлаштиради. Улардаги моҳиятни англаганим сайин ўзимга нисбатан талабларим ортади. Инсон бир жойда тўхтаб қолмаслиги, аксинча, замон билан баравар одимлаб, жамиятда ўз ўрнини топиши ва атрофдагиларга наф келтириши учун ҳаракат қилиши лозимлигини қалбан ҳис этаман. Бизнинг касбимиз ҳам ана шундай жонкуярлик, фидойиликни талаб этади. Бунда шошмашошарлик, юзакилик кетмайди. Шунчаки деган сўз луғатимда йўқ. Хушмуомалалик, мулоҳазакорлик, тез ва тўғри мушоҳада ҳамиша зарур.

– Қарийб йигирма саккиз йил ички ишлар органларининг турли соҳавий хизматларида фаолият юритганман, – дейди Жўрабекнинг отаси – истеъфодаги подполковник Шавкат Рўзиназаров. – Фарзандларим менинг касбимдан фахрланарди. Айниқса, кенжа ўғлимнинг кўзларида бошқача бир ҳавас порлар, мен билан хизмат жараёнлари, бевосита касбим ҳақида суҳбатлашишга интиларди. Аввалига бу шунчаки қизиқиш, деб ўйлаганман. Бироқ унинг ўқиб-ўрганиши, спорт машғулотларини канда қилмаслигидан нияти жиддийлигини тушундим ва қўллаб-қувватладим.

Инсон бирор касбни танлаб, унинг сир-асрорларини пухта ўзлаштириши осонмас. Шу боис, ички ишлар органлари соҳасида «Устоз-шогирд» анъанаси алоҳида аҳамият касб этади.

– Илк хизматимни Пастдарғом тумани ИИБ Ҳпбда профилактика инспектори сифатида бошлаганман, – дей­ди катта лейтенант Жўрабек Нуралиев. – Устозим – капитан Аҳмад Мардиевдан тизимнинг ўзига хос томонларини ўргандим. Ҳамиша халқ ичида кечадиган хизматимизда муомала, муроса билан бир қаторда, аниқликда, қонун талаблари доирасида иш кўриш кўникмаларим бевосита у кишининг ёрдамида шаклланди.

Ж. Нуралиев турли кўрик-танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар ташаббускори ҳамда иштирокчисидир. Хусусан, жорий йилда Андижон вилоятида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ички ишлар органларининг ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган ИИ Республика ёшлар форумида жамоаси билан «Зукко китобхонлар» кўрик-танловининг республика босқичида 3-ўринни қўлга киритишида унинг ҳам ҳиссаси катта.

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» мухбири.

Самарқанд вилояти.