Оҳангарон тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, маёр Элдор Турдибоев 2017-йилда ИИВ Академиясини тугатгач, Оҳангарон тумани Иибда эксперт лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Соҳа сирларини тажрибали устози – капитан Зокир Эшонқуловдан ўрганди. 2019-йилдан бошлаб эгаллаб турган лавозимида ишлаб келмоқда.
У фаолияти давомида кўплаб жиноятларнинг «иссиқ изида» фош этилишига эришди. Биргина ўтган йили
2 та ўғрилик жиноятини фош этишга, 2 та мурданинг шахсини аниқлашга ўз ҳиссасини қўшди. Шунингдек, 269 маротаба ҳодиса жойларида эксперт-мутахассис сифатида иштирок этди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса
28 марта ҳодиса жойларида бўлиб, битта мурданинг шахсига аниқлик киритишга муваффақ бўлди. Хуллас, маёр Элдор Турдибоевнинг ҳамкасблари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли жиноятлар тезкорлик билан фош қилиниб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги таъминланмоқда.
– Эксперт учун бир дона соч толаси, девордаги кўзга зўрға ташланадиган шилинган жой ёки полдаги чанг изи – бари ҳақиқатга олиб борувчи калит бўлиши мумкин. Шу боис соҳамизда ўта синчковлик ва
ҳушорлик талаб этилади, − дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Унинг сўзларида жон бор. Экспертлар мавҳумлик ичида ҳақиқатни изловчи шахслардир. Уларнинг иши натижаси адолат мезонини тиклайди. Қаҳрамонимиз таъкидлаганидек, ҳушёрлик ва синчковлик ҳар бир изнинг ортидаги сирни очишга, демакки, ҳақиқатни қарор топтиришга замин яратади.
Аброр ПОЁНОВ,
катта мутахассис-мухбир,
катта сержант.
Тошкент вилояти.
