Аёл ва жамият

Жамиятимизнинг ҳар жабҳасида бор билиму салоҳиятини янги ташаббусларига қанот деб билиб фаолият юритиш баробарида, оиласини меҳр-муҳаббати билан ардоқлагувчи опа-сингилларимиз жуда кўп. Андижон шаҳри бўйича ИИОФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Барнохон Мирзаева ҳам шундай аёллардан бири.

У ўзининг қатъияти, касбига садоқатини хизмат жараёнидаги амалий ишлари билан исботлаган. Айниқса, тажрибали ходима сифатида жамоат тартибини сақлаш, соҳавий ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда ўзига хос таклифлари билан жамоада ҳурмат қозонган. Шунингдек, Барнохон шаҳар ҳудудида ижтимоий-сиёсий ва криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, экстремизмга қарши кураш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилганларини «иссиқ изидан» фош этиш, қидирувда бўлган шахсларни ушлаш, доимий яшаш жойини узоқ муддатга тарк этган хотин-қизларни аниқлаш ва уларни ҳисобга олиш бўйича бир қатор ижобий ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу боис ҳамкасблари уни зиммасига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этувчи ходима сифатида ниҳоятда қадрлайди.

Дарвоқе Б. Мирзаева маҳоратли спортчи. У Ўзбекистон карате миллий федерацияси аъзоси, 1-ДАН қора белбоғ соҳибаси, 3 карра Ўзбекистон чемпиони ва 2 карра халқаро мусобақалар ғолибаси, спортнинг қўл тўпи тури билан ҳам шуғулланиб, 2002 йилда «Энг яхши дарвозабон» сертификатини қўлга киритган. Бир неча йиллардан буён ходималар ўртасида ўтказилаётган кўпкураш спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. 

Қаҳрамонимиз ўзининг биринчи иқтидор қирраси билан спортдаги ютуқларига эришган бўлса, унинг адабиётга ошно қалбида мавжланиб, қоғозга кўчган шеър ва ҳикоялари, «Ой шуъласи»номли шеърий тўплами иккинчи бир истеъдодидан дарак.

Тўмариснинг шижоати, Бибихонимнинг ақлу заковати, бешик қучиб айтган алласининг ҳар байтида дилбандига маърифат улашиш ҳар бир ўзбек аёлининг фитратига сингиб кетган. Юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилиши анъанага айланган «Йил аёли» кўрик-танлови аёлларга ҳар жиҳатдан қобилият ва ташаббусларини намойиш этиш имконини бермоқда. Капитан Барнохон Мирзаева ҳам 2017 йилда ушбу танловнинг республика босқичида «Йилнинг ватанпарвар аёли» номинацияси ғолиби бўлиб, масъулияти оғир касбида собитқадам эканлигини яна бир бора намойиш эта билган. 

Фидойи ходима тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ҳимоя ордери бериш, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда мутасадди идора вакиллари билан оилаларни яраштириш, кам таъминланган аёлларга моддий томондан кўмаклашиш, аёллар бандлигини таъминлаш масалаларига тезкорликда ечим топишга ҳаракат қилади. 

Барнохоннинг турмуш ўртоғи, «Жасорат» медали соҳиби, катта сержант Жўрабек Боймирзаев айни пайтда Андижон вилояти ИИБ ТВБСО катта мутахассиси сифатида хизмат олиб боради. Улар тотувликда бунёд этган оила ошёнида тўрт фарзандини ҳамжиҳатликда авайлаб, ардоқлаб улғайтирмоқда. Барнохон инглиз тили билимдони сифатида фарзандларининг хорижий тилларни ўзлаштиришига алоҳида эътибор қараца, Жўрабек уларни спортга ошно этувчи жонкуяр мураббий. Хуллас, бу икки масъулияти оғир касб эгалари фарзандларини етук шахс сифатида улғайтириш, эл корига елка тутгувчи инсонлар бўлиб етиштириш ниятида жон койитади. 

Ҳаёт турфа ранглардан иборат. Инсон улғайгани сари уни ёрқинроқ ҳис қилади. Буни капитан Барнохон Мирзаева ўзининг интилишлари, ғайрат-шижоати, шу азиз тупроққа бўлган фарзандлик меҳр-муҳаббати, ҳаётчан нигоҳи билан англашда давом этмоқда. Унинг: 

Салобатинг юксак, одиминг дадил,

Чексиз садоқатим меҳримга жодир.

Тасвиринг чизмакка қайси ранг қодир?

Ватан, сувратингни чизгим келади, 

дея битган мисраларидан буни қалбан ҳис этиш мумкин.

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,

«Постда» мухбири.