Бойсун тумани “Кончилар” маҳалласида яшовчи Н.Ишоқов (исм-шарифлар ўзгартирилди) номига янги телефон рақам расмийлаштиради. Рақамни ишга туширгач, унга Андижон вилоятида яшовчи Х.Отабоева қўнғироқ қилиб, ушбу рақамни олдин ишлатганини, бироқ тўловларини қилолмагани учун ўчиб қолганини айтади. Ушбу рақамга барча шахсий маълумотлари уланганини ва айни пайтда “Пайме” иловаси орқали ҳозирда банк пластик карта ҳисоб рақамида мавжуд бўлган ўзига тегишли пул маблағларини ечиб олишга қийналаётганини билдиради. Шу боис телефон рақамини қайтариб олишга ёрдам беришини сўрайди.

Н.Ишоқов аёлга абонент рақамини яқин танишлари орқали бериб юборишини айтади. Аммо ўзи ушбу телефон рақамига “Пайме” иловасини улаб, жами 18 миллион 400 минг сўм миқдоридаги пул маблағини ечиб олади ва шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

Ҳолат юзасидан Н.Ишоқовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Постда” мухбири.

Сурхондарё вилояти.