ЎТМИШГА САЁХАТ

Хоразмшоҳлар давлати (1097-1231) нафақат Хоразм, балки Дашти Қипчоқнинг жануби, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ давлатларини бирлаштирган буюк салтанат бўлган. Хоразмшоҳ Такиш қипчоқларни ўзига оғдириш ниятида қипчоқ хони Жонкишининг қизи Туркон Хотунга уйланади. Такиш мамлакат ҳудудини икки карра кенгайтиради. Аммо унинг сиёсатидаги катта хатоси, қипчоқ қўмондонларига кўрсатилган ҳомийлиги эди. Қипчоқлар Такишнинг рафиқаси хайрихоҳлигидан фойдаланиб, давлат ишларига кўпроқ таъсир кўрсатишга интилган. Бу аралашувлар кейинчалик Такиш ўғли Муҳаммад замонида Хоразм давлатининг парчаланишига олиб келади. Такиш вафотидан сўнг, давлат тепасига келган ўғли Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ даврида онаси Туркон Хотуннинг обрўси кўтарилиб, давлат ишларини ҳам бошқарган.

    Хоразмшоҳлар давлат котиби Шаҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг гувоҳлик беришича, маккор Туркон Хотун ўғлига шу даражада таъсир кўрсатганки, натижада Хоразмшоҳ Муҳаммад мамлакат ичкарисидагина эмас, балки халқаро майдонда ҳам Хоразмнинг ягона ҳукмдори сифатидаги ролини бой беради. Бундан ташқари, катта қудратга эга бўлган саркардаларнинг кўпчилиги қипчоқлардан бўлгани боис, ҳукмдор онасига ён беришга мажбур бўлган. Ҳатто Хоразмшоҳ Муҳаммад мастлигида онаси Туркон Хотуннинг ҳиёнати туфайли шайх Нажмиддин Кубронинг шогирди шайх Мажидиддин Бағдодийни қатл қилиш ҳақида фармон ҳам беради. Бағдодийнинг қатл этилиши дин уламоларини Муҳаммаддан ихлосини қайтарган эди. Туркон Хотуннинг бундай нодонлиги Хоразмшоҳлар давлатига сонсиз кулфатлар келтирган.

Жалолиддин вояга етгач, 1215 йилда отаси Хоразмшоҳ Муҳаммад уни тахт вориси этиб тайинланган. Бироқ Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг қатъий норозилиги сабабли укаси Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилган. Жалолиддин отасининг ҳарбий юришларида иштирок этиб, ўзининг жасур жангчи, иқтидорли саркардалик қобилиятларини намойиш этади.     

     Мўғул қўшини Самарқандга яқинлашганда Хоразмшоҳ Муҳаммад Каспий денгизи бўйида жойлашган Обескун шаҳри яқинидаги Ашурада оролидан паноҳ топган. Оғир бемор бўлган Муҳаммад ўғилларини ёнига чорлаб, сўнгги дамда Жалолиддинни ўз ўрнига Хоразмшоҳ этиб тайинлаган (1220). Жалолиддин Мангуберди укалари Оқшоҳ ва Қутбиддин Ўзлоқшоҳлар билан бирга Урганч мудофаасига ошиқади. Лекин Урганчдаги қипчоқ амирлари Туркон хотуннинг акаси Хумортегинни султон деб эълон қилиб, Жалолиддин Мангубердига қарши суиқасд уюштирмоқчи бўлдилар. Бундан хабар топган Жалолиддин Мангуберди Темур Малик бошчилигидаги 300 кишилик суворийлар билан ўз ватани – Хоразмни ташлаб Хуросонга кетишга мажбур бўлади.

Мадина Қаҳҳорова тайёрлади.