Гиёҳванд моддаларини етиштириш, сотиш, сақлаш ва истеъмол қилиш амалдаги қонунларга кўра тақиқланиши ва ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган шахслар жазога тортилиши ҳақида доимий равишда тарғибот ишлари олиб борилсада, қилмиши ҳеч қачон фош бўлмайдигандек заҳриқотилни етиштираётганлар ҳам учраб турибди. 

Хатирчи туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1979-йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Унинг томорқа ер майдонида жами 29 туп яшил рангли, ўткир ҳидли, марихуанна гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парвариш қилиб келаётганлиги ҳамда 140 грамм қуруқ ҳолатда бўлган ҳудди шундай ўсимлик баргларини сақлаб келаётганлиги аниқланди. Бундан ташқари, фуқаронинг яшаш хонадони омборхонасида ноқонуний равишда 1 дона ов қуроли ва 3 дона патронларни сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида баённома асосида расмийлаштириб олинди.

Туманнинг "Самарқанд" Мфйда яшовчи фуқаронинг яшаш хонадонидан эса жами 299 грамм қуритилган ҳолатдаги ўткир ҳидли марихуанна гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш майдаланган ўсимлик барглари топилди.

Тезкор тадбирлар давомида "Тинчлик" Мфйда яшовчи яна бир фуқаронинг қилмишлари фош этилди. Гап шундаки, унинг хонадонидан 12 дона кўкнор ўсимлигига ўхшаш ўсимлик ҳамда 75,19 грамм оғирликда бўлган марихуанна гиёҳвандлик ўсимлигига ўхшаш ўсимликлар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маҳлиё ХОЛОВА,

Ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.