Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ЙПХБ Махсус отряди катта инспектори, лейтенант Муҳиддин Туропов Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтган “Тошкент – Чорбоғ” автомобил йўлида хизмат вазифасини бажараётган эди. У “Нексия-3” русумли автомашина ҳайдовчиси Р.А.ни хавфсизлик камарини тақмасдан машинани бошқариб келаётгани учун тўхтатади. Текширув жараёнида ҳайдовчи спиртли ичимлик истеъмол қилгани ҳам маълум бўлади. Инспектор унга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинчалик жарима майдонига қўяди.
Бу қоидабузарлик учун катта миқдорда жарима тўлашини, бунинг устига ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилишини билган ҳайдовчи муаммо ечимининг ноқонуний йўлларини излашни бошлайди. У айбини пора эвазига беркитмоқчи бўлади. Ҳайдовчи ўзига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомани бекор қилиб, автомашинани жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходимига бир ярим миллион сўм пора таклиф қилади.
Ходим бу ҳолат қонунга зидлигини тушунтиришига қарамасдан ҳайдовчи ўз фикрида қатъий туриб олади. Шундан сўнг ЙПХ катта инспектори ушбу ҳолат юзасидан билдирги орқали вилоят ИИББ бошлиғига мурожаат қилиб, қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишини сўрайди.
Мазкур билдиргиси асосида ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармасининг Тошкент вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилади. Натижада фуқаро Р.А. Юқоричирчиқ тумани Болта қишлоғида жойлашган жарима майдончасида лейтенант М.Туроповга бир ярим миллион сўмни пора сифатида бераётган вақтда холислар иштирокида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Адолат ФАЙЗИЕВА,
“Постда” мухбири.
Тошкент вилояти.
