Сўнгги йилларда туристик ҳудудларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида махсус тузилмалар ташкил этилиб, патрул хизматлари кучайтирилди. Вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари нафақат тартибни сақлаш, балки сайёҳларга йўл кўрсатиш, муаммоларни тезкор ва тартибли ҳал этишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Айниқса, профилактика ишлари алоҳида аҳамият эга. Жиноят содир бўлгандан кейин эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар хавфсиз муҳитни яратишда асқатади. Бу эса сайёҳ учун энг муҳим нарса – ишонч ҳиссини таъминлайди.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар хавфсиз туризмни янги босқичга олиб чиқди. Туризм инфратузилмасининг ривожланиши, замонавий технологияларнинг жорий этилиши, хавфсизлик тизимининг рақамлаштирилиши натижасида хизмат сифати сезиларли даражада ошди. Эндиликда хавфсизлик фақат назорат эмас, балки ақлли бошқарув тизимига айланяпти.
Бу борада вилоятимизда «Қалқон» ситуацион тезкор бошқарув маркази ташкил этилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу марказ замонавий технологиялар асосида ҳудудда содир бўлаётган жараёнларни реал вақт режимида кузатиш, тезкор таҳлил қилиш ва зарур чораларни кўриш имконини бермоқда. Натижада ҳудуд бошқаруви янада самарали ва аниқ тизимга ўтди. Бу эса нафақат фуқаролар, балки минглаб сайёҳлар учун ҳам хавфсиз ва қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Энг эътиборлиси шундаки, бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. 2025-йилнинг ўзида кўҳна ва боқий Бухорога ташриф буюраётган сайёҳлар сони кескин ошиб, 6 миллионга етгани ҳам бежиз эмас. Бу рақам ортида фақат тарихий обидалар ёки гўзал манзараларни кўриш эмас, балки энг аввало, инсонни ўзига тортадиган муҳим омил – хавфсизлик ва ишонч мужассам.
Бир қарашда оддий кўринган ҳолатлар замирида катта меҳнат ётади. Кечки пайт тарихий кўчалар бўйлаб сайр қилаётган сайёҳ ўзини эркин ҳис қилиши учун кимдир айни дамда хизматда турибди. Унинг хавфсизлиги учун кимдир тунни бедор ўтказяпти. Бу – кўринмас, аммо беқиёс хизматдир.
Саёҳат – бу эркинлик, янги манзиллар ва янги таассуротлар демакдир. Аммо бу эркинлик ортида тартиб, назорат ва фидойилик мужассам. Демак, хавфсиз туризм – бу шунчаки хизмат эмас, балки инсонларда ишонч уйғотадиган тизимдир.
Юлдуз УСМОНОВА,
Бухоро вилояти ИИБ ХТТБ ЖЦГ инспектори,
лейтенант.
