Навоий вилояти билан чегарадош мазкур маҳалладаги 746 та хонадонда 3664 нафар аҳоли истиқомат қилади. Юртимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар чекка ва олис маҳаллалар ҳамда қишлоқ­ларни ҳам обод ва кўркам ҳудудларга айлантирди. Буни Мирзо Нодим маҳалласи мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

– Ҳеч биримизнинг ҳаёти­мизни, оилаларимиздаги маънавий муҳит ва фарзандлар тарбиясини маҳалладан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди, – дейди шу маҳаллада яшовчи Абдурасул Кунузоқов. – Аҳоли фаровонлиги учун олиб борилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишлари кўнглимизни кўтариб, янги мақсад, ташаббусларга ундаяпти.

Маҳалла еттилиги том маънода фуқароларнинг деярли барча ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда, уларга қулай шарт-шароит яратишда муҳим тизимга айланди. Капитан Сардор Темиров мазкур маҳаллада профилактика инспектори сифатида хизмат олиб боради, маҳалла еттилигининг бошқа аъзолари билан елкадош, ҳаммаслак. 

Профилактика инспектори­нинг олдига қўйилган талаб аниқ – жиноятчилик­нинг олдини олиб, маҳалла тинч-осойишта бўлишини, аҳоли хотиржам, бехавотир яшашини таъминлаш. Ана шу эзгу мақсадни дилига туккан Сардор Темиров зиммасидаги вазифаларини сидқидилдан адо этаяпти. У маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусоба­қалари уюштиряпти. Шу тариқа улар ўртасида бирдамлик, жамиятга дахл­дорлик ва ватанпарварлик ҳисларини кучайтиришга эришмоқда.

Маҳалла раиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда аҳолининг муаммоларига хусусан, нотинч оилалардаги муҳитни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу­нингдек, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи омиллар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўриляпти.  

– Маҳалла бунёдкорликка юз тутмоқда. Кўчала­римиз равон, электр 

таъминотини яхшилаш учун янги трансформатор ўрнатилган, симёғочлар янгиланган. Ҳар бир хонадонда иссиқхона бор. Одамларимиз рўзғорига барака киритиш учун меҳат қилишмоқда. Маҳалладошларимизнинг руҳи тетик, кайфияти кўтаринки. 

Уйларда болаларнинг шўх-шодон кулгуси янг­раб турибди. Буларнинг барчаси тинчлик-осойиш­таликдан, турмуш фаровонлигидан, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилшод Худойназаров.

Илгари А.Ф. ичкиликка ружу қўйган эди. У билан профилактик суҳбатлар ўтказилгач, соғлом турмуш тарзига амал қилмоқда. Боқувчисини йўқотган Лайло Мирзаева­нинг ҳоли­дан хабар олиниб, унинг оиласи моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Аксар жиноятлар бекорчиликдан келиб чиқади. Шу сабабли аҳоли­ни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш чоралари кўриляпти. 

Энг муҳими, одамлар қалбида, руҳиятида ижобий ўзгаришлар юз беряпти. Улар келажакка ишонч билан қарашмоқда, маҳалладаги бунёдкорлик ишларида иштирок этишяпти. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳудудда амалга оширилаётган хайрли ишлар аҳоли манфаатларига хизмат қилаётир. 

Умида 

МАМАДАЛИЕВА,

ўз мухбиримиз.

Самарқанд вилояти.