Йўл ҳаракати қоидаларини ёшликдан пухта ўзлаштириш бутун умр давомида турли хавф-хатарларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан вилоятдаги мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида болалар учун қўшимча дарс соатлари ташкил этилиб, уларга йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари мунтазам ўргатиб борилмоқда.

– Машғулотлар давомида аксарият ўқувчилар ҳатто пиёдалар йўлакчасидан ўтиш тартибларидан бехабар эканлиги маълум бўлмоқда, – дейди бошқарманинг ахборот хизмати катта мутахассиси Абдумажид Райимжонов. – Қўшимча дарслар орқали болалар нафақат йўлдан тўғри ўтиш усулларини, балки йўл белгилари ва уларнинг мазмунини ҳам пухта ўзлаштириб олмоқда.

Мазкур тарғибот машғулотлари ёш авлодда йўл ҳаракати қоидаларига бўлган масъулиятни кучайтиради, уларнинг кундалик ҳаётида хавфсизликни таъминлайди. Энг муҳими, бу каби тадбирлар орқали болалар онгида интизом, эҳтиёткорлик ва хавфсизлик маданияти мустаҳкамланиб, келажакда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.

Саминжон ҲУСАНЗОДА,

ўз мухбиримиз. Андижон вилояти.