Тадбир

Ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва малакасини ошириш Тошкент шаҳар марказида навбатдаги ўқув йиғинига келган йўл ҳаракати хавфсизлиги, патрул-пост, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда бошқа хизматлар йўналиши бўйича фаолият олиб бораётган ходимлар учун машғулотлар жараёни бошланди. Шу муносабат билан ушбу ходимлар билан дастлабки хизматолди йўриқномасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Тадбир аввалида сўз олган Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Рустам Хатамов йиғин тизимда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган натижаларга тўхталиб, бундан кўзланган асосий мақсад жонажон халқимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашдан иборат эканлигини таъкидлади. Шунингдек, вазир ўринбосари ходимларга яратиб берилаётган қулай имконият ва шарт-шароитларга жавобан тамагирлик, порахўрлик ва хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, юрт осойишталиги йўлида садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилиш лозимлигини уқтирди. Қолаверса, ходимлар ўз устида тинимсиз ўқиб-изланиб, билим ва малакасини ошириши, шу билан бирга, замонавий ахборот технологияларини мукаммал ўзлаштирган ҳолда, рақобатбардош кадрлар бўлиб етишиши мақсадга мувофиқлигини қайд этди.

Шундан сўнг сўзга чиққан марказ бошлиғи, полковник Алишер Усмонов бу ерга келган ёш ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш учун барча имкониятлар яратилганлигини таъкидлади.

Кўтаринки руҳда кечган тадбир якунида шахдам қадамлар билан саф майдонидан ўтган йиғин иштирокчилари она Ватанни мадҳ этувчи қўшиқларни куйлаб, барчани хушнуд этишди. 

Михли САФАРОВ,

«Постда» мухбири.

Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.