Термиз шаҳрида жойлашган вилоят Ички ишлар бошқармасининг Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида “оғир тоифа”даги ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Учрашув давомида ёшлар билан юзма-юз суҳбат қилиниб, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда саёҳатларга жалб этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, тадбир доирасида Сурхондарё вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ташаббуси билан “Қизлар овози” клуби координаторлари ҳамда Ўзбекистон болалар ташкилотининг “Болалар ҳаракати” вилоят сардорлари иштирокида навбатдаги учрашув ташкил этилди.

Мулоқот жараёнида қизларнинг қизиқишлари, ички кечинмалари ва таклифлари тингланди. Ҳар бир иштирокчининг ҳолати алоҳида ўрганилиб, имкон қадар амалий ва психологик кўмак кўрсатишга эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбир дастуридан интеллектуал ўйинлар ҳамда қизиқарли савол-жавоблар ўрин олди. Бу жараён ёшларнинг кайфиятини кўтариш, уларнинг фаоллигини ошириш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўз мухбиримиз,

Сурхондарё вилояти.