Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг июнъ ойи “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” этиб белгиланди. Шу муносабат билан, Урганч давлат университетида “Ёшлар гиёҳвандликка қарши” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ ЖҚБ Гиёҳвандликка қарши кураш бўлими маъсул ходими М.Шержанов, вилоят Оицга қарши курашиш маркази бўлим мудири Б.Хўжахонова, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят минтақавий филиали шифокори Ф.Отажонов, Урганч давлат университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори С.Давлетов ҳамда талаба-ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда сўз олганлар ёшларни аср вабоси бўлмиш, гиёҳвандлик гирдобидан, турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканлигини таъкидлашди. 

Шунингдек нотиқлар, республикамизда гиёҳвандлик ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳамда уларнинг натижаларига батафсил тўхталиб, гиёҳванд моддаларнинг тури ва инсон организмига салбий таъсири ҳақида кўргазмали тарғибот материалларидан ҳам фойдаланган ҳолда тушунтиришлар берди. 

Мазмунли ўтган тадбир якунида эса, талабалар ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Худойберган ЖАББОРОВ,

“Постда” мухбири.