Жорий йилнинг ўтган даврида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда бирмунча ютуқларга эришилди. Хусусан, талончилик ҳамда баданга ўртача оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари умуман содир этилмади. Баданга енгил тан жароҳати етказиш ҳолатлари 50 фоизга камайди. Маҳаллалардаги жиноятчилик даражаси қарийб 40 фоизга камайгани эса амалга оширилган профилактик ишлар самарадорлигидан далолат беради. Шу билан бирга, аниқланадиган жиноятлар бўйича кўрсаткич ҳам ўтган йилга нисбатан 25 фоизга яхшиланган. 

Туманда жиноятчиликнинг олдини олишда профилактика инспекторлари, маҳалла мутасаддилари ва аҳоли ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Фуқаролар билан доимий мулоқот ва очиқликни таъминлаш мақсадида 36 марта сайёр қабул ташкил этилди. Бу қабуллар давомида жами 70 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 46 фоизи ижобий ҳал этилган бўлса, 18 та мурожаат бўйича малакали ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида криминоген вазияти оғир маҳаллаларда эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилди. Жумладан, «қизил» тоифадаги маҳаллаларда 180 та «намунавий хавфсиз йўлак», 69 та «намунавий хавфсиз кўча» ташкил этилди. Аҳоли гавжум тўпланадиган жойлар ва кўчаларга 541 та, таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига 167 та «РТЗ» камералари, маҳаллаларнинг асосий жойларига 167 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи махсус камералар ўрнатилди. Маҳаллардаги 909 та якка тартибдаги ва кўп қаватли хонадон, 65 та савдо-маиший хизмат кўрсатиш обекти техник қўриқловга олинди. Натижада 3 та маҳалла «қизил»дан «сариқ», 4 та маҳалла «яшил» тоифага ўтди. 

Қарийб чорак асрдан буён эл-юрт осойишталиги йўлида оддий ходимликдан раҳбарликкача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтган, турмуш ўртоғи Юлдузхон билан уч нафар фарзандни тарбиялаб келаётган подполковник Шуҳрат Чориевнинг хизматлари беиз кетмади. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 24-октабрдаги «Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига биноан, «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди. 

– Отам биз учун чинакам ибрат намунаси, – дейди лавҳамиз қаҳрамонининг катта ўғли Суҳроб. – Болалигимда уйга келишларини доим кутиб ўтирардим. У кишига ҳавас қилиб, мен ҳам шу соҳада хизмат қилишни мақсад қилганман. Шу ниятда ҳозир Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида таҳсил оляпман. Келажакда мен ҳам ички ишлар органларида хизмат қилиб, эл осойишталиги, юрт тинчлигини ва қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшаман.

Содиқ РАҲИМОВ, 

ўз мухбиримиз.

Қашқадарё вилояти.