Кун қаҳрамонлари
Жорий йилнинг 14 январ куни. Кечки соат 23:30. Ҳаво ҳарорати ҳар кунгидан-да совуқ. Ёғаётган қор кўз очиб юмишга қўймайди. Об-ҳавонинг ана шундай ноқулай пайтида Урганч туманидаги Фарход кўчасидан ўтувчи канал бўйида номаълум кимса маст ҳолатда юрганини кўрган фуқаро дарҳол “102” рақамига қўнғироқ қилди.
Навбатчилик қисми тезкор маълумотидан хабар топган вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталони биринчи отряд сафдор ходими, сафдор Дилшод Каримов ҳамда отряд ҳайдовчи-ходими, сафдор Шавкат Отажонов зудлик билан айтилган манзилга етиб боришди. Бу пайтда фуқаро канал ичида сувдан чиқолмай “Ёрдам беринглар!” дея тинимсиз қичқирарди. Хизмат автомашинасидан тушган сафдор Дилшод Каримов шошилганча каналга тушиб, сувдан фуқарони олиб чиқа бошлади. Унинг ҳамроҳи эса “Тез ёрдам”га хабар берди. Фуқаро билан ўтказилган қисқа суҳбатдан сўнг у шу яқин атрофда яшаши маълум бўлди. Ходимлар дарҳол уни яшаш хонадонига олиб боришди. Шифокорлар эса биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишди.
– Тўйда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, кайфим ошиб қолибди, – дейди урганчлик Т. Алишер қилмишидан афсусланганча. – Каналга қандай тушиб кетганимни эслолмайман. Муз ёрилиб, совуқ сувга тушиб кетгач, ўзимга келдим. Шундан сўнг бир неча бор каналдан чиқишга уриндим. Аммо ҳаракатларим бефойда кетди. Кўп ўтмай оёқ-қўлларим увишиб, қимирлолмай қолдим. Атрофда бирор кимса кўринмаса-да, ёрдам сўраб қичқира бошладим. Ўз вақтида кўрсатган ёрдамингиз учун сизлардан жуда миннатдорман.
Шу тариқа ППХ баталони ходимлари, сафдорлар Дилшод Каримов ҳамда Шавкат Отажоновнинг ҳушёрлиги ҳамда тезкор ҳаракатлари туфайли маст ҳолатда сувга тушиб кетган фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди.
Ҳар бир соҳанинг ўз фидойилари, жонкуярлари бўлгани сингари ППХ баталонида ҳам ғайрат-шижоатли, касбига садоқатли ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Лавҳамиз қахрамонлари ҳам ана шундай фидойилардан саналади. Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
