Айнан шу ёшлар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларига эътибор қаратар эканмиз, аввало, ўзимизнинг дилбандларимиз кўз ол­димизга келиб, юрагимиз орқага тортиб кетади. Ахир, ким автоҳалокат оқибатида фарзандидан айрилиб ёки ногирон бўлиб қолишни истайди?! 

...Жиззах шаҳрида хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори «Нехиа» русумли автоуловни тўхтатди. Буни қарангки, рулда 13 яшар мактаб ўқув­чиси. Ота ўғлига транспорт воситасини бошқаришни топшириб қўйган, болакай эса шаҳар кўчаларида бемалол сайр қилиб юрган. Айтишича, машина бошқаришни ўрганганига анча бўлган, отаси унинг рулга ўтираётганидан ҳар сафар хабари бўлган ва бунга монеълик қилмаган. Аксинча, «бизнинг ўғилча машина ҳайдай олади», дея таниш-билишлари олдида гердайиб мақтанган.

Ачинарлиси, ЙПХ инспектори­нинг «хавфли вазият деганда нимани 

тушунасан», деган саволига жавоб бера олмаган «ҳайдовчи» бола бошқарувидаги автоулов билан кўнгилсиз ҳодиса содир бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. 

Ҳартугул, бу бола билан бирор-бир нохуш ҳолат рўй бермабди, дея енгил тин олгандирсиз, лекин қуйидаги мисолларда...

Навоийлик 8–9 синф ўқувчилари сўроқсиз «Матиз» автомашинасини ҳайдаб, вилоят марказидан Нурота туманига боришади. Қайтишда рулда ўтирган бола бошқарувни йўқотади ва машина Йтҳга учрайди. Оқибатда 

2 нафар ўқувчи воқеа жойида дунёдан кўз юмади. Энди уларнинг ота-оналари, яқинлари аҳволни тасаввур қилаверинг. Эътиборсизлик азага айланди.

Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида рўй берган автоҳалокат оқибатида эса икки киши жароҳат олди. Бунга сабаб тонгги соат 05:00ларда Тошкент металлургия заводи қаршисида 2007-йилда туғилган, вояга етмаган Б.Ш. «Матиз» русумли автомаши­нани бошқариб кетаётиб, ҳаракациз турган 26 ёшли Ж.Ш. бошқарувидаги «Лада» билан тўқнашув содир этганидир. Оқибатда «Матиз» ва «Лада» ҳайдовчилари турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. 

Самарқандда 15 ёшли мактаб ўқувчиси отасининг машинасини бошқариб, йўлнинг қатнов қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборди. Ҳолат бўйича жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ота-она изза бўлди, лекин улар олдинроқ ўғлининг тарбиясига жиддий эътибор қаратишганида эди... 

Янги Наманган тумани. 

11-синф ўқувчиси тоғасининг номида бўлган «Лаcетти»ни туманнинг Еттинчи мингчинор кўчасида бошқариб кетаётганида тезликни оширди. Натижада йўлнинг қарама-қарши қисмига ўтиб кетиб, йўл четида турган Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг 

2 нафар талабасини уриб юборди. Ҳодисада йигитлардан бири енгил жароҳат олди, иккинчиси эса тиббий ёрдам кўрсатилганига қарамай, шифохонада вафот этди.

Самарқанд шаҳрида юз берган ҳолат ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Маълум бўлишича, ўша куни соат тахминан 17:00лар атрофида Самарқанд шаҳри Ўзбекистон кўчасида «Cобалт» ҳайдовчиси йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган 8-синф ўқувчиси бўлган қизни уриб юборган. Буни қарангки, рулда ҳам айнан ўқувчи бўлган. 

У онасига тегишли машинани ўртоқлари билан бирга рухсациз олиб чиқиб кетган ва ушбу ҳолатни содир этган. 

Мактабларда йўл ҳаракати қоидалари алоҳида предмет сифатида ўқитилади. Бундан ташқари, ЙПХ инспекторлари таълим муассасаларига ҳафтанинг белгиланган кунларида бориб, ўқувчи ёшлар билан суҳбатлар ўтказишади. Шунингдек, мактаб, туман, вилоят ва республика босқичларида «Яшил чироқ» мусо­бақалари ташкил этиб келиняпти. 

Юқоридаги салбий ҳолатлар юзага чиқишига эса, биринчи навбатда, айрим ота-оналарнинг масъулияцизлиги ва эътиборсизлиги сабаб бўлаётгани айни ҳақиқат. Шундай экан, азиз ота-оналар, бу масалага жиддий эътибор қаратинг, ўн саккизга кирмаган «ҳайдовчилар» машина бошқаришига йўл қўйманг. Зеро, ҳар ишнинг ўз вақти-соати бор. 

Сарвар СОБИРОВ,

ўз мухбиримиз.