Унинг «Эрта-индин тўлайман», – деган пуч ваъдаларига ишониб, салкам икки йил оворайи сарсон бўлган Ғафур ноилож Бухоро шаҳар ИИОФМБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилди. Унинг аризаси асосида шу йилнинг 21-июн куни фуқаро Р. Қосимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, маёр Лутфулло Жўраев дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш жараёнида Рамизнинг яна бир фуқарони чув туширганини аниқлади. Маълум бўлишича, 2024-йил 18-июн куни тадбиркор Ш.Аббосовнинг дўконидан 10 минг АҚШ долларилик автомобилларнинг эҳтиёт қисмларини ва мебелларни олиб кетади. Пулнинг 6 минг АҚШ долларини икки-уч кун ичида, қолганини эса 7–8 ой мобайнида бўлиб-бўлиб тўлашга келишади. Аммо унинг икки-уч куни эрта-индин бераман билан 2–3 ойга чўзилади. Дўкондорнинг қўнғироқларига жавоб бермай қўяди. 

Тергов бўлими ходимлари ҳар бир ҳолатни синчиклаб ўрганиб, жиноятларни моҳирлик билан фош этишяпти. Шу боис ҳам айбини турли баҳоналар билан яширишга уринган кимсалар охир-оқибатда қилмишини тан олишдан ўзга чора тополмай қолишяпти. Катта терговчи, капитан Жавоҳир Баротовга навбатдаги жиноят иши топширилди. 

Акфа ишлаб чиқариш сехига маҳсулотлар келтирилади. Ишчилар маҳсулотларни тушириб жойлаштиргач, овқатлангани шу яқиндаги ошхонага кира қолишади. Овқатга буюртма бериб, кутишаётганда ёнидаги чорпояда ўтирган хўрандалар спиртли ичимлик таъсиридами аввал ўзаро жанжаллашиб, кейин уларни ҳақоратлай бошлашади. Шу тариқа жанжал келиб чиқади.

– Дастлабки тергов жараёнида аён бўлдики, муштумзўр улфатлар илгари ҳам айнан шундай жиноят содир этишиб, бирига уч йил, иккинчисига бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган экан. Улар бундан тўғри хулоса чиқармасдан, яна икки шериги билан безорилик жиноятини содир қилганлар, – дейди капитан Ж. Баротов. – Бу билан қаноатланмасдан кўчага чиқиб, яна бир жиноятга қўл уришади. Йўл четида тўхтаган «Матиз» русумли автомашинанинг орқа ўриндиғида ўтирган кишига ташланишади. У машинадан тушиши билан бир пасда дўппослашади. То атрофдагилар ажратгунча йўловчининг бўлгани бўлади. Муштумзўрлар «Нимага бундай қилдиларинг?» – деган саволимга «Мастлик бизни шу кўйга солди», – деб жавоб беришди. Аммо бу баҳона бўлолмайди. Улар қонун олдида жавоб беришади. 

Зеро, ҳар бир жиноят ишининг ортида инсон тақдири, ҳақ-ҳуқуқлари ётади. Айрим айбланувчилар ўзини ҳимоя қилиш учун барча воситаларни ишга солишдан қайтмайди. Аммо терговчи фақат қонун доирасидагина ҳаракат қилиши керак. Бўлим ходимлари ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам терговни фақатгина жиноят-процессуал қонунчилиги талаблари асосида олиб бориб, одилона хулоса чиқаришга ҳаракат қилиб келишяпти.

Тергов бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида кўплаб жиноят ишлари тергов қилинди. Шунингдек, профилактик тадбирларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларидан кенг кўламда фойдаланиляпти. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, муассаса ва ташкилотларда ўтказилаётган учрашувлар, жиноят муҳокамалари, давра суҳбатлари жиноятларнинг олдини олишда муҳим омил бўляпти. 

Бўлимда ходимларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади. Уларнинг маънавиятини юксалтириш, касбий малакасини ошириш, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини мунтазам синовдан ўтказиб бориш мураббийларнинг зиммасига юклатилган. Соҳа ходимлари ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, вилоятда қонун устуворлигини, ҳуқуқ-тартиботни, тинчлик-осойишталикни таъминлашга муносиб ҳисса қўшишяпти.

 Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.