Шу йилнинг 7-декабр куни матбуотда республикамиз Президентининг “Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Маълумот ўрнида айтиш керак, Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 29 йиллиги муносабати билан қабул қилинган мазкур фармон асосида 182 нафар шахс афв этилди. Ушбу фуқароларнинг 108 нафари шартли равишда озодликка чиқарилган. Бошқаларининг жазо муддатлари қисқартирилган ёки енгилроғига алмаштирилган.
Чунончи, Жиззах вилоятида яшовчи 4 нафар фуқаро шартли равишда озодликка чиқди. Яна бир маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилган. Яхши маълумки, жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилган шахслар ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Яъни, ижтимоий мослаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш чоралари кўрилади. Токи улар жиноятга қайта қўл урмасин, жамиятнинг ижобий аъзосига айлансин.
Айни мақсадда Жиззах вилояти ҳокимлигида 4 та сектор раҳбарларининг озодликка чиқарилган шахслар билан мулоқоти бўлиб ўтди. Шунингдек, тадбирда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, бандлик, соғлиқни сақлаш ташкилотлари вакиллари қатнашдилар. Учрашув давомида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиэв, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров ҳамда вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаэв инсонпарварликка асосланган ушбу фармоннинг ижроси, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталдилар.
Шундан сўнг авф этилганларнинг муаммолари ўрганилди. Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахслар томонидан уй билан таъминлаш, турар жой қуришга ер майдони ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга учун кредит ажратиш, иссиқхона барпо қилиш, шасхни тасдиқловчи ИД карта расмийлаштириш, болани фарзандликка олиш ҳамда саломатликни тиклашга оид масалалар кўтарилди.
— Оилам бағрига қайтганимдан бениҳоя хурсандман, — дейди ғаллаороллик Дилдора Абдуҳакимова. — Қолаверса, бугун сектор раҳбарлари ҳар томонлама ёрдам беришларини билдиришди. Бунинг учун президентимиздан, сектор раҳбарларидан миннатдорман.
Йиғилиш давомида шартли равишда озодликка чиқарилганларга секторлар кесимида ёрдам кўрсатиш чоралари белгилаб олинди. Ҳар бир шахсга тегишли ташкилотлар вакиллари бириктирилди. Биринчи навбатда мазкур фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, заруратга кўра соғломлаштириш тадбирлари амалга ошириладиган бўлди.
— Ушбу фуқароларга бир неча кун ичида бир марталик моддий ёрдам ажратилади, — дейди Жиззах вилояти ИИБ пробасия бўлими бошлиғи, подполковник Эркин Нарзуллаэв. — Сўнг ишга жойлаштиришда ёки ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишларида кўмак берамиз. Ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, қайта жиноятларнинг олдини олиш мақсадида мураббийлар бириктирилади, тушунтириш ишларини олиб борилади.
Хуллас, авф этилганларнинг соғлом турмуш кечиришлари, жамиятда муносиб ўринлари топишлари учун барча имкониятлар ишга солинади.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
