Қутадғу билиг» – шунчаки китоб эмас, балки қадимий туркий тилимизнинг бебаҳо хазинаси. Агар бу асар матнига бадиий нигоҳ билан қаралса, ундаги ҳар бир сўз минг йиллар силсиласидан ўтиб келаётган дурдонага ўхшайди.

Юсуф Хос Ҳожиб тилни «кўнгилнинг тили», «ақлнинг таржимони» деб таърифлайди. Ундаги «тил», «сўз», «билиг» каби сўзлар бугун ҳам салкам ўн аср аввалги жозибасини йўқотмаган. Асарда қуёшнинг чиқиши «Кунтуғди» (Кун туғилди) деб аталиши нақадар гўзал ташбеҳ! Қуёш – адолат тимсоли, унинг нури эса зулматни ҳайдовчи ҳақиқатдир.

 «Қутадғу билиг» – маънавият хазинаси бўлса, ХИ асрда Маҳмуд Қошғарий томонидан яратилган «Девони луғотит турк» (Туркий сўзлар луғати) – туркий тилнинг араб тилидан қолишмаслигини, унинг «пойгасиз отдек» учқур ва бой эканлигини исботлаш учун ёзилган бебаҳо ёдгорликдир. Кошғарий туркий сўзларни гўё жавоҳирларни саралаган заргардек тўплаган. Луғатда келтирилган 8 мингдан ортиқ сўзнинг аксарияти бугун биз кундалик ҳаётда қўллаётган «ота», «она», «тоғ», «сув», «от» каби сўзлардир. Улар минг йиллар оша ўзгаришсиз бизгача етиб келган жонли меросдир.

Биз нега юқоридаги мисолларни келтириб ўтдик? Сабаби, ўзбек тилини бузиб талқин қилиш, унинг имло ва нутқ қоидаларига риоя қилмаслик бугунги кунда долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларда тил қоидаларига эътиборсизлик, қисқартмалар ва тушунарсиз сўзларнинг кўпайиши, саводсизларча ёзишмалар тилнинг софлигига путур етказмоқда. Давлат тили меъёрларига амал қилмаслик нафақат маънавий, балки ҳуқуқий ҳурмацизлик сифатида ҳам талқин этилади. Шаҳарларимиз кўчаларидаги пешлавҳаларга боқинг: имло хатоларидан кўз ёш тўкаётган сўзлар биздан нажот кутаётгандек туюлади. Зеро, биргина ҳарфнинг нотўғри қўйилиши ёки тушириб қолдирилиши бутун бир маънонинг илдизига болта уради. 

Тилни бузиб талқин қилиш – шунчаки грамматик хато эмас, бу миллий ғурурнинг, аждодлар меросига бўлган ҳурматнинг сустлигидир. Баъзан суҳбатдошимизнинг нутқини тинглаб, ўзимизни бегона юртда юргандек ҳис қиламиз. Бир жумлада уч-тўрт тилнинг «бўлаклари» аралашиб кетган: на ўзбекча, на русча, на инглизча. Бу – тилнинг бойиши эмас, балки унинг моҳиятан қашшоқлашувидир. 

Сўзларимиз орасига бегона унсурларнинг асоссиз кириб келиши, гўё ипак матога қўпол ямоқ солишдек кўринади. Энди ўзингиз ўйланг, бир неча минг йиллик мураккаб тарихий жараёнларни ўз ичига олган она тилимизга бўлган бизнинг ҳурматимиз шуми? Унинг буюклигини бот-бот айтамиз-у, лекин нега унинг бузилишини ҳаммамиз кўра-била туриб бепарво бўлаверамиз? Бу бора- бора одатий ҳолга айланиб, оддий қабул қилиниб қолишидан жуда-жуда қўрқаман!..


Хуршидбек РЎЗИЕВ,

Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, 

подполковник.