Билим назария, малака эса амалиёт билан мустаҳкамланиши исботланган. Шу боис ИИВ Академияси курсантлари ҳам олийгоҳда соҳа сирларини нафақат устозларидан, турли адабиётлардан, балки иш жараёнида ҳам ўрганишлари учун имконият яратилган. Айни пайтда 3-курс курсантлари юз кунлик амалиётга чиқишди. 

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ИИВ Академиясидан амалиёт учун келган 39 нафар курсант, уларнинг ота-оналари ва амалиёт раҳбарлари, фахрий ходимлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Унда ИИВ Академияси криминалистика кафедраси ўқитувчиси, подполковник Тўлқин Маматқулов сўзга чиқиб, курсантлар учун ҳар бир мутахассислик йўналиши бўйича тасдиқланган алоҳида дастурда бажариладиган вазифалар белгилаб қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, амалиёт даврида курсантларнинг ўзини тутиши, топшириқ ва вазифаларни ўз вақтида бажариб, кундалик дафтарига қайд этиб бориши қатъий назорат қилиб борилгани ҳолда баҳоланишини уқтирди. 

– Ҳозирда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги фаолияти йўналиши бўйича таҳсил олаяпман, – дейди ИИВ Академияси 3-курс тингловчиси Абдураҳмон Алмуродов. – Амалиёт даврида ҳақиқий иш фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўламиз. Ваҳоланки, йўлда автомобиллар ва пиёдаларнинг доимий ҳаракатини кузатамиз. Бунда турли вазиятлар ва қоидабузарликларга дуч келинади. Фуқаролар ва ҳайдовчилар билан қандай мулоқот қилиш лозимлигини ўрганамиз. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

“Постда” мухбири.

Сурхондарё вилояти.