Вилоят ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар от­рядида ходимларнинг маънавиятини юксалтириш, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш йўлида барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Хусусан, отрядда «Устоз-шогирд» анъанаси яхши йўлга қўйилгани айни муддао бўляпти. 

– «Устоз кўрмаган шогирд – ҳар мақомга йўрғалар» деган ҳикмат бежиз яралмаган. Чунки устоз кўрмаган шогирд ўша соҳага оид тартиб-қоидаларни, алоҳида йўналишни билмайди. Бу эса ўз хизмат фаолияти жараёнида бир қанча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, – дейди отряд командири ўринбосари, маёр Алишер Назаров. – Жамоамизда тажрибали мураббийлар анчагина. Уларнинг орасида гуруҳ командири, катта сержант Илҳом Рустамовнинг ўрни алоҳида ажралиб туради. 

Катта сержант Илҳом Рустамов 2007-йилдан то ҳозирги кунга қадар Твбсода турли лавозимларда фаолият кўрсатиб келяпти. Айни пайтда кичик сержант Азамат Пўлатовга мураббий этиб тайинланган. Азаматжон ҳар доим устозининг назоратида. 

– Мен ҳам узоқ йиллик фаолиятим давомида устозларимга алоҳида меҳр қўйиб, кам бўлмадим, – дея Илҳом ака янги ишга кирган пайтини хотирлади. – Юридик техникумни тугатиб, ўзим туғилиб ўсган Ромитан тумани «Яхши Наврўз» маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла посбонлар сардори бўлиб иш бошладим. Ўшанда маҳалла профилактика инспектори бўлган лейтенант Акбар Бафоевдан ҳужжат ишларини олиб боришни ва аҳоли билан муомала қилишни пухта ўргандим. Икки йилдан сўнг Акбар аканинг тавсияси билан ички ишлар органлари хизматига ўтдим. Мана, шунга ҳам йигирма уч йил бўляпти. 

Хавфли жиноятчиларни қўлга олиш­да кўрсатган жасорати ва мардлиги учун «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланган катта сержант Илҳом Рустамов хизмат бурчи­га садоқати, тартиб-интизомга қатъий риоя қилиши билан бошқаларга ибрат бўлмоқда. 


Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.