Ойдин (воқеа иштирокчиларининг исмлари ўзгартирилди) ҳам ҳали вояга етмасданоқ ҳо-ю ҳаваслар, хом хаёллар қурбонига айланди. Тенгдош қизлар сингари оппоқ либос кийиб, ёр-ёр садолари остида келин бўлишдек беғубор орзулари армон бўлди. Бунга ўзи айбдор, албатта. Чунки ҳали вояга етмасидан оғироёқ бўлиб қолди. 

Қиз бола онаси билан яқин бўлади, барибир. Ойдин: «Онам, балки, мени тушунар, бирон жўяли маслаҳат берар деб бетини сидириб кўнглини унга ёрди, бироқ... Одамлар, маҳалла-кўй, қариндош-уруғнинг гап-сўзидан қўрқиб, она ҳомиладор қизини кўчага ҳайдади.  

Чорасиз қолган Ойдин боладан қутулишни ўйлай бошлади. Ахир, уни қаерда ва қандай дунёга келтиради, кейин ёш боши билан ёлғиз ўзи қандай парвариш қилади? Ижтимоий тармоқларда чақалоғини сотган оналар ҳақида ўқиганди, у ҳам шу йўлни танлади. Фарзанд асраб олиш ниятида бўлган оилаларни суриштирди. 

Нурматнинг оиласи анча йиллардан буён фарзанд неъматидан бебаҳра эди. Оиласини сақлаб қолиш учун эр-хотин бола асраб олишни ўйлаб юришганди. Ойдиннинг бахтига Нурмат қаршисидан чиқди. 

Мижоз осон топилгани, бунинг устига қуллуқ қилиб тургани Ойдинга жуда ёқиб тушди. Вазиятдан фойдаланиб, унга туғуруқхонага жойлаштириш, керакли дори-дармонлар билан таъминлаш ва қолган барча харажатларни ҳам кўтариш талабини қўйди. Нурмат Ойдиннинг ҳамма шартларига кўнди, муҳими, икки жон соғ-саломат бўлса бўлди, деди. 

Вақти-соати етиб, Ойдиннинг кўзи ёриди, оппоққина, ширингина қизалоқ­ни дунёга келтирди. Болага қарасам, меҳрим тушиб қолади деб Ойдин иложи борича унинг кўзларига қарамасликка, эркаламасликка ҳаракат қилди. Лекин жонидан бунёд бўлган жон, йиғласа, қачонгача юз ўгириб туради? 

– Таги ҳўл бўлган, шекилли. 

Чақалоқни эҳтиёт қилиб, кийимларини алмаштиришни ўрганинг, ҳадемай уйингизга жавоб берамиз, – деди ҳамшира қиз. 

Ўшанда Ойдин болага қарашга мажбур бўлди-ю, митти фаришта дунёга келтирганини ҳис қилди. Боласининг жажжи қўлчаларига сочлари илашиб қолганда туйди оналик меҳрини. Ўз-ўзидан кўзларига ёш қуйилиб келди. Жигарпорасини бағрига босиб: «Сени дунёларга алмашмайман, қизалоғим», – деб юм-юм йиғлади.

Нурматнинг оиласида хурсандчилик, бугун неча йиллик кемтик тўлади – унинг хонадонида ҳам чақалоқ ингаси янграйди. Болажон учун алоҳида хона, ўйинчоқлару кийим-кечаклар тайёрланган. Ҳамма чақалоқ келишини кутяпти, айниқса, турмуш ўртоғи... 

Нурмат чақалоқни шифохонадан олиб чиқиш учун борганида, Ойдин ниятидан қайтганини, боласини сотмаслигини айтади. Бу сўзларни эшитган Нурматнинг кўз олди қоронғи бўлиб кетди. «Ахир, уйда тайёргарлик авжида-ку», – деб бошини чангаллаб қолди. Жаҳл устида барча харажатларини қайтаришини талаб қилади. 

– Тийинигача бераман, фақат боламни сотмайман! – дейди қатъий Ойдин.

Эрта баҳор, нам ҳаво, кунлар ҳали исиб кетмаган. Ижарама-ижара сарсон бўлган Ойдин чақалоқни шамоллатиб қўяди. Йиққан-тергани тугаб, қарзга ботади. Одамлар кунда-кунора қарзини қайтаришини талаб қилишади. Афсуски, Ойдин ҳаётнинг бу синовлари қаршисида ҳам таслим бўлади. Болани қийнагандан кўра фарзанд боқиб олиш истагидаги бўлган бирор ўзига тўқ оилага соца, ўзигаям, қизигаям яхши бўлишини ўйлаб, яна мижоз қидиришга тушади.

Ана шундай кунларнинг бирида Гуллола исмли аёл билан танишиб қолади. Гап орасида унинг бефарзанд эканини билиб, мақсадини рўй-рост айтади. Гуллола болани ўзи асраб оли­шини айтиб, мижоз бўлади. Фарзанд олди-сотдиси 25 000 000 сўмга келишилади. Ойдин Ховос туманининг «Тинчлик» маҳалласида жойлашган темирйўл шифохонаси олдида Гуллоладан 24 200 000 сўмни олаётган вақтда ички ишлар органи ходимлари томонидан қўлга олинади. 

У айбига иқрор бўлди, ўзини оқламади, дод-фарёд қилмади, «Фақат боламга зиён етмаса бўлди», – деб ялиниб-ёлворди. Мазкур ҳолат юзасидан Ойдиннинг яшаш оила­сига хабар берилганида, онаси Россияга ишлашга кетгани аниқланди. Унинг уяли алоқа воситасига қўнғи­роқ қилиб, бўлган воқеадан хабардор қилинганида, қизини ҳомиладорлигини билгач уйига киритмаганини тан олди. 

Ойдин яна ўзи ёлғиз қолди. 

Чақалоқ фарзанд асраб олиш учун қонуний тартибда ариза берган оила бағрида. Ушбу вазиятда Ойдинни асло оқламоқчи эмасмиз. Агар у енгилтаклик қилмаганида ҳаёти издан чиқмас эди. Биргина хатоси уни шу кўйларга солди. Энди қонун олдида жавоб беради. Аммо йиллар ўтиб, нуридийдасини соғинганида, қизалоқ Ойдинни тан олармикан?..  


Соҳибжон ЮЛДАШЕВ,

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти 

Ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи, подполковник. 

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз.