Ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган интернетда виртуал танишувларга, бошқача айтганда, киберромантикага бугун одатий ҳол сифатида қаралмоқда. Афсуски, турли танишув ресурсларида онлайн видеомулоқот, трансляция, виртуал стриминглар орқали масофавий муносабатга киришиб, туйғуларни изҳор қилиш дея талқин қилинадиган киберромантикага берилиш ҳолатлари нафақат ёшлар, балки ўрта ва ҳатто катта авлод вакиллари ўртасида ҳам учрамоқда. 

Қарши шаҳрида яшовчи Ғ.Х. 2022-йилнинг куз фаслида «Телеграм» ижтимоий тармоғида Наргиза исмли қиз билан танишади. Онлайн суҳбатлардан сўнг, ўзаро яқин муносабатга киришишгач, улар бир-бирига ўз суратларини юборишади. Нима сабаб бўлиб муносабат салбийла­шади ва шундан кейин «Наргиза» эркакни унга пул бермаса, юборган суратларини ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитади. Ғ.Х. қариндошлари, таниш-билишлари орасида шарманда бўлмаслик учун дастлаб талаб қилинган пулни банк пластик картасига ташлаб беради. Бундан руҳланган қиз ундан яна 200 АҚШ доллари беришини талаб қилади. 

Ғ.Х.нинг ички ишлар органларига қилган мурожаати юзасидан тезкор техник ҳаракатлар олиб борилди. Қарангки, бу жараёнда ўзини «Наргиза» деб таништирган шахс аслида эркак киши бўлиб чиқди. У фирибгарлик йўли билан жабрланувчидан ўзи ва турмуш ўртоғининг номига очилган банк пластик карталарига жами 6 миллион сўмдан ортиқ пул маблағини қўлга киритган. 

Ҳолат юзасидан Миришкор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. 

Суҳроб МУҲАММАДИЕВ, 

капитан.

Қашқадарё вилояти.